«Экспресс-хизмат»: Давлат хизматларини кўрсатишда аҳолига яна бир қулайлик яратилди
Давлат хизматлари агентлиги Тошкент шаҳар бошқармаси матбуот хизматининг хабар беришича, мамлакат бўйлаб «экспресс-хизмат» хизмати ишга туширилган. Бу хизмат тури орқали эндиликда зарур ҳужжатларни давлат хизматлари марказларига бормасдан туриб, почта орқали ҳам олиш имкони мавжуд бўлади.
Ҳозирча ушбу қулайлик тажриба тариқасида:
– судланмаганлик (ёки судланганлик) тўғрисида маълумотномаларни олиш;
– никоҳ қайд этилганлиги, никоҳда турмаслиги ёки никоҳдан ажралганлиги тўғрисидаги маълумотномани олиш;
– манзил-маълумот ахборотларини тақдим этиш хизматлари учун жорий қилинган.
Таъкидланишича, тез орада бу турдаги хизматлар сони кенгайиб боради.
Мазкур хизмат фақатгина ихтиёрийлик асосида кўрсатилади.
Тўлов мавжуд бўлган хизматларда экспресс-хизматдан фойдаланишда, аризачига экспресс-хизмат инвойси ва бошқа тўлов инвойси бир вақтда берилади.
Ҳозирча ҳужжатларни етказиб бериш экспресс-хизмати нархи 8000 сўм қилиб белгиланмоқда.
Ушбу қулайликдан фойдаланиш учун:
- Аризачининг ихтиёрига кўра, ариза тўлдириш жараёнида охиргидан битта олдинги қадамда (бошқа хизматларда охирги қадамда бўлиши ҳам мумкин) «Почта хизматидан фойдаланиш» тугмаси босилади;
- Почта олувчининг маълумотлари тўлдирилади ва етказиб берилиши керак бўлган ҳужжат(лар) танланади;
- «Давом этиш» тугмасини босиш орқали экспресс-хизматлар учун тўловга инвойс шакллантирилади;
- «Ариза тўлдиришни давом этиш» тугмаси босилади;
- Ариза тўлиқ шакллантирилади ва юборилади.
Маълумот учун: Давлат хизматлари агентлигига ташриф буюрувчи аҳоли сони таҳлил қилганда, уларнинг 70 фоизи айнан тайёр ҳужжатни олиб кетиш учун келиши аниқланган.
Мазкур «экспресс-хизмат»нинг ишга туширилиши Марказларда мижозлар оқимининг кескин камайишига хизмат қилиб, ортиқча навбат кутишнинг олдини олади.
Мавзуга оид
14:56 / 31.12.2021
Боғчага навбатга қўйиш, хорижга чиқиш учун қўйилган тақиқни аниқлаш ва яна учта хизматдан телефон орқали фойдаланиш мумкин
16:37 / 01.06.2021
«Меҳр-5» операциясида Ўзбекистонга олиб келинган болаларга туғилганлик ҳақидаги гувоҳномалар берилди
17:17 / 26.04.2021
Йилнинг биринчи чорагида давлат хизматларини кўрсатиш соҳасида 100 мингдан ортиқ қонун бузилиши аниқланди
09:14 / 14.04.2021