Жамият | 20:35 / 13.12.2019
4662
2 дақиқада ўқилади

Ҳукумат қарори ижросини кечиктирган давлат органлари ходимлари маъмурий жавобгарликка тортилгани айтилди

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 20 августдаги 698-сон қарори билан 2019 йилнинг 1 ноябридан электр энергияси, табиий газ, ичимлик ва иссиқ сувни ҳисобга олиш ускуналарини (ҳисоблагичларни) ечиш, қиёслашдан ўтказиш ва ўрнатиш учун ариза юбориш Давлат хизматлари марказлари орқали амалга оширилиши белгиланган эди. Давлат хизматлари агентлиги ахборот хизмати раҳбари Севара Зокированинг Kun.uz’га маълум қилишича, айрим ташкилотларнинг масъулиятсизлиги оқибатида қарор ижроси кечиккан.

«Ҳукумат қарори билан масъул ташкилотларга тегишли тарзда Ягона интерактив давлат хизматлари порталига уланиш вазифаси юклатилган эди. Бироқ, айрим техник сабабларга кўра ушбу ташкилотлар давлат хизматлари кўрсатилиши учун зарур бўлган маълумотлар базасини Ягона интерактив давлат хизматлари порталига улашга улгуришмаган.

Давлат хизматлари агентлиги томонидан белгиланган хизматлар вақтида жорий этилмагани сабабли Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, «Ҳудудгазтаъминот» акциядорлик жамияти ва «Ҳудудий электр тармоқлари» акциядорлик жамиятининг масъул ходимлари МЖтКнинг 215(5)-моддаси билан маъмурий жавобгарликка тортилди», дейди Севара Зокирова.

Агентлик матбуот котибининг хабар беришича, ҳозирги вақтга келиб, электр энергияси, табиий газ, ичимлик ва иссиқ сувни ҳисобга олиш ускуналарини (ҳисоблагични) ечиш, қиёслашдан ўтказиш ва ўрнатиш бўйича хизматлардан фойдаланиш учун давлат хизматлари марказлари ва Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали аризалар белгиланган тартибда қабул қилинмоқда.

 

Мавзуга оид