Фан-техника | 22:37 / 13.12.2019
18635
2 дақиқада ўқилади

NASA “инсоният тарихидаги энг кучли ракета”ни намойиш қилди

Фото: NASA

NASA ўзи яратган “энг кучли ракета” - Space Launch System (SLS)’ни намойиш қилди. Ўта оғир ракета-ташувчининг асосий поғонаси 65 метр баландликка эга бўлиб, у NASA муҳандислари томонидан яратилган энг баланд поғона бўлди.

Таъкидланишича, ракета нафақат рекорд ўлчамга, балки рекорд кучга ҳам эга. Ракета юқори поғонаси – “Орион” капсуласи ажралиб чиқишигача 23 Мах (товуш тезлигидан (1200 км/соат) 23 марта каттароқ тезлик) тезликкача эришади. Шу сабабли NASA директори Жим Брайденстайн ракетани “инсоният томонидан яратилган энг кучли ракета” деб бежиз таърифламаган. 

Ракета қурилиши бекаму-кўст бормаган. Унинг қурилиши муддати ва бюджети бир неча бор ошириб юборилган. Ракетанинг илк синов парвози 2018 йил ноябрида амалга оширилиши керак эди. Унинг ишлаб чиқилишига сарф-харажатлар эса 6,2 млрд доллардан 8 млрд долларгача ошириб юборилган. 

АҚШ коинот агентлиги “Артемида-3” миссияси доирасида 2024 йилда ушбу ракетада Ойнинг жанубий қутбига бир аёл ва бир эркакни юбормоқчи. 

Фото: NASA

Фазогирларсиз ўтувчи “Артемида-1” миссияси 2020 йилда старт олади. NASA унинг доирасида Ойнинг жанубий қутбини, жумладан у ерда 2009 йилда топилган музни фазогирларнинг ҳаётини қўллаб-қувватлаш ва ракета ёқилғиси олиш учун яроқлилигини тадқиқ қилмоқчи. 

Коинот агентлиги Ойга миссияларига 2030-йилларга белгиланган Марсга парвоз олдидан синов сифатида қарамоқда.   

Ушбу миссияларнинг келажаги эса NASA бюджетининг ҳам Оқ уй, ҳам конгресс томонидан қўллаб-қувватланишига боғлиқ бўлиб қолади.

Мавзуга оид