Халқ демократик партиясининг устувор ғояларидан бири ижтимоий ҳимоядир. Партия шунинг учун бозор иқтисодиётига ўтиш жараёнида аҳолининг ҳимояга муҳтож қисмини ижтимоий қўллаб-қувватлашнинг кафолатли тизими яратилмас экан, бу оғир ижтимоий мушкулотларга олиб келиши мумкин, деб ҳисоблайди.

Шулардан келиб чиққан ҳолда, партия ижтимоий демократия ғояси билан жамиятда аҳолининг ижтимоий ҳимояси сўзсиз таъминланишига ишонади. Бу ғоя партия дастурий мақсадларида, депутатликка номзодларнинг Сайловолди дастурида ўз аксини топган.

Хўш, Халқ демократик партиясидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига Самарқанд вилоятидан кўрсатилган номзодлари қайси ижтимоий масалаларни кўтариб чиқмоқда?

Улуғбек Камолов,  Бухгалтерия ҳисоби, иқтисодиёт, Самарқанд вилояти ҳокимлиги молия бош бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари, 56-Регистон сайлов округидан номзод:

– Ижтимоий муҳофаза муҳтож кишилар ва оилаларни аниқлашда муаммоли ҳолатлар жуда кўп. Депутатлар мурожаатларни ижобий ҳал этиш учун турли ташкилотлар, ваколатли идораларга мурожаат этганда, асосан бир масалага дуч келади. У ҳам бўлса, тегишли меъёрий ҳужжатларда оиланинг кам таъминланганлигини аниқловчи мезонлар аниқ белгиланмаган. Натижада давлат бюджетидан ажратилган маблағлар ҳар доим ҳам ўз манзилига, ҳақиқатда муҳтож кишиларга етиб бормаётгани кузатилмоқда. Бундан эса партиямиз ҳимоя қилиши керак бўлган қатлам азият чекяпти. Шу боис партиямиз ижтимоий муҳофазага муҳтожликни белгилаш мезонларини қонунчиликда содда ва тушунарли тарзда акс эттириш учун қатъий ҳаракат қилади.

Дилфуза Якубжанова математик, Тошкент ахборот технологиялари университети Самарқанд филиали ахборот таьлим технологиялари кафедраси мудири, 57-Сўғдиёна сайлов округидан номзод:

– Очиғини айтганда, жамиятимизда ижтимоий адолатни таъминлаш, аҳолини, ёшларни муносиб иш билан таъминлаш, таълим олиш, соғлиқни сақлаш имкониятларидан фойдаланишида айрим камчиликлар бор. Бизнинг мақсадимиз ижтимоий адолатни тўла тиклашга эришидан иборат.

Шу мақсадда давлат-хусусий шериклик асосида ташкил этиладиган нодавлат таълим муассасаларида фақат ўзига тўқ оилалар фарзандлари ўқий олишига йўл қўймаслик мақсадида ушбу таълим муассасаларидаги тўлов-контрактнинг ижтимоий мақбул миқдорини қонунчиликда белгилаб қўйиш таклифини илгари суряпмиз.