Ўзбекистон | 21:43 / 13.12.2019
45622
3 дақиқада ўқилади

Вазирликдан аёлларни аксар ҳолатларда эркак маммологлар текширишига изоҳ сўралди

Бугун, 13 декабрь куни соат 11:00да Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги анжуманлар залида «Касалликларни ташхислаш ва даволашда замонавий ҳамда инновацион усулларни қўллаш» мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Тадбирда берилган маълумотларга кўра, республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт марказига 3,2 миллион АҚШ доллари, республика ихтисослаштирилган фтизиатрия ва пульмонология илмий-амалий тиббиёт марказига 2 миллион евро, республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт марказига эса 2,8 миллион еврога тенг бўлган юқори технологик асбоб-ускуналар етказилган ва ишга туширилган.

Ҳудудларда республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказларнинг 17та филиали ишга туширилди, туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмалари таркибида 6598 ўринга мўлжалланган 310та ихтисослаштирилган ўринлар ташкил қилинди.

Республика бўйича рентген эндоваскуляр (ангиография) бўлимлар 10та вилоятда, кардиохирургик операциялар эса 8та вилоятда амалга оширилиши йўлга қўйилди.

Ихтисослаштирилган марказларнинг филиаллари ташкил этилгани натижасида вилоятларда 2019 йил 11 ойи давомида 2 400дан ортиқ жарроҳлик операциялари амалга оширилган, унинг қарийб 1 500таси (55,5 фоизи) юқори технологик жарроҳлик операцияларини ташкил этади. Натижада 2019 йилда 1400 нафарга яқин беморларга яшаш жойининг ўзида юқори технологияли тиббий ёрдам кўрсатилди.

Биргина Самарқанд вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказидаги «Болалар кардиохирургия»си бўлими сунъий қон айлантирувчи (АИК) аппарат билан таъминланиши натижасида илк бор 10 килограмм вазндан кам бўлган болаларда юракда очиқ жарроҳлик амалиёти бажарилишига эришилди ва бугунги кунгача 100 нафарга яқин туғма юрак нуқсони билан туғилган болаларни даволашга эришилди.

Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалийт тиббиёт марказида 260дан ортиқ буйрак, 6та жигар, Республика шошилинч тез ёрдам илмий марказида 68та буйрак трансплантацияси операциялари ўтказилгани туфайли 300 нафардан ортиқ фуқаролар юқори технологик операциялар учун чет давлатларга чиқишининг олди олинган. 2019 йилнинг ўтган даврида ҳудудларга қарийб 600 нафар хорижлик мутахассислар таклиф қилинган.

Тадбир давомида аёлларни асосан эркак маммолог (сут безини текширувчи - таҳр.) шифокорлар текшириши аёлларга ноқулайлик туғдириши қайд этилиб, бу ҳолатнинг сабаби сўралди.

Бу саволга Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Баҳодир Юсупалиев жавоб қайтарди.

«Эркакми, аёлми, табиб ўз номи билан табиб. Албатта, аёлларимиз шундай нозик соҳаларда аёл шифокорларга мурожаат қилишни хоҳлашади. Албатта, маммолог эркакларимиз кўп, аммо аёл маммологларимиз ҳам бор. Чунки ҳам эркаклар, ҳам аёллар бу соҳаларда ишлашлари мумкин. Масалан, гинекологлар орасида мутлақ кўпчилиги аёллар. Айни шу масаладаги таклифингиз учун раҳмат, буни инобатга олишга ҳаракат қиламиз. Клиник ординатура, магистратурага қабулда эркак аёллигига қарамасакда, зарур мутахассисларни тайёрлашда бу таклифингизни ҳисобга оламиз», дея унинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири. 

Мавзуга оид