Ўзбекистон | 10:26 / 14.12.2019
7867
2 дақиқада ўқилади

Ёнғин хавфсизлиги бошқармаси об-ҳавонинг кескин совиб кетиши туфайли фуқароларга эслатма билан чиқди

Фото: KUN.UZ

Тошкент шаҳар Ёнғин хавфсизлиги бошқармаси фуқаролар ҳамда ташкилот, корхона ва муассасалар раҳбарларига эслатма билан чиқди.

Қайд этилишича, об-ҳавонинг кескин совиб кетиши натижасида газ ҳамда электр иситиш мосламаларидан фойдаланишга бўлган эҳтиёж ортиб боради. Бундай пайтларда айрим фуқароларнинг эҳтиётсизлиги оқибатида ёнғин ёки бошқа бахтсиз ҳодисалар содир бўлиши мумкин.

Ушбу ҳодисаларнинг олдини олиш мақсадида газ ва электр ускуналаридан ҳамда иситиш мосламаларидан фойдаланишда қуйидаги ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя қилиш сўралган:

қўлбола ва носоз газ ҳамда электр иситиш мосламаларидан фойдаланманг;

тунги вақт аҳоли турар жойларида ўрнатилган иситиш тизимини назоратдан қолдирманг;

ошхонада ўрнатилган табиий газда ишловчи плиталардан хоналарни иситиш мақсадида фойдаланманг;

иситиш печлари ва уларнинг мўриларини созлигига, турли буюм ва тўсиқлар билан беркитилмаслигига ҳамда махсус ташкилотлар томонидан ўз вақтида тозаланишига алоҳида эътибор беринг;

иситиш мосламаларидан фойдаланишда уларни ишлаб чиқарган корхонанинг тавсия ва йўриқномаси талабларига риоя қилинг;

иситиш мосламалари яқинида ёнувчан буюм ва осон алангаланувчи маҳсулотларни сақламанг;

газ ускуналарни улаш тартиб қоидаларига риоя қилинг ва уларга резина шлангалар орқали уланишга йўл қўйманг;

агарда газ ҳидини сезсангиз, чироқ ва учқун чиқарувчи мосламалардан асло фойдаланманг, дарҳол хонани шамоллатинг хамда газ хизматига хабар беринг.

“Ёнғин хавфсизлиги қоидаларга риоя этиш билан Сиз ўзингиз ва яқинларингизни ёнғин ва бошқа бахтсиз ҳодисалардан асраб қолган бўласиз”, - дейилади эслатмада.

Мавзуга оид