Ўзбекистон | 23:16 / 15.12.2019
11087
2 дақиқада ўқилади

АҚШнинг Флорида штатида ўзбекистонликлар муддатидан олдин сайловда овоз беришди

13 декабрь куни АҚШнинг Флорида штатининг Орландо шаҳрида Олий Мажлиснинг қонунчилик палатаси депутатлигига муддатидан олдин сайлов ўтказилди.

22 декабрь куни Ўзбекистоннинг АҚШ пойтахти Вашингтон шаҳридаги дипломатик миссиясига бора олмайдиган фуқароларимиз учун сайлаш ҳуқуқларини амалга оширишда зарур шарт-шароитларни яратиш мақсадида ушбу штатда илк бор ташкиллаштирилди.

Овоз бериш жараёни Орландодаги Marriott меҳмонхонасида ташкиллаштирилди. Махсус хона сайлов участкаси ва рақобатлашаётган сиёсий партиялардан номзодлар ҳақидаги зарур маълумотлар билан жиҳозланди. Сайлов очиқча, яширин овоз бериш таъминланган ҳолда ўтказилди.

Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси маълумотига кўра, муддатидан аввал овоз беришнинг илк кунида 70 дан зиёд фуқаро овоз берган. Сайловчиларнинг аксарияти сайлов участкасига ўз оиласи билан келган ёшлар эканлиги қувонарли. Флорида штатининг қўшни шаҳарларидан ҳам келганлар Ўзбекистондаги демократик жараёнларга ўз ҳиссасини қўшишда уларнинг қатъиятларидан дарак бериб турибди.

«Биз мамлакатимиз қандай ривожланишига, унинг сиёсати қандай йўналиш олишига, бунда қандай ижтимоий масалалар ҳал этилиши кераклигига бефарқ қараб тура олмаймиз», — деди сайловда овоз берган ватандошларимиздан бири Акмал Тиллахўжаев.

Овоз бериш учун яратилган шароит учун миннатдорчилик билдиришар экан, сайловчилар бу йилги сайлов шаффофлик ва қонунийлик муҳитда ўтаётганлигини таъкидлашди.

Фуқаролар сайловчилар ишончини қозонадиган ва муҳим ижтимоий масалаларни самарали ҳал қила оладиган парламент тизимини янада мустаҳкамлаш муҳимлиги ҳақидаги фикрда якдил бўлишди.

Ўзбекистоннинг Вашингтондаги элчихонаси хабарига кўра, муддатидан олдин сайловлар 15 декабрь куни Аталанта шаҳрида, Жоржия штатида ҳамда Канаданинг Торонто шаҳрида ўтказилади.

Мавзуга оид