Жаҳон | 22:30 / 15.12.2019
25342
2 дақиқада ўқилади

Олмаота ҳам қайта номланадими? Тўқаев бунга изоҳ берди

Қозоғистоннинг энг йирик шаҳри – Олмаота (Алмати) Остона каби халқ билан муҳокама қилинмаган ҳолда қайта номланмайди. Остона жорий йилда Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоев шарафига Нур-Султон деб қайта номланганди.

Олмаота шаҳри

Гап шаҳарнинг ҳозирги қозоқча номланиши - Алматидан собиқ иттифоқ давридаги номи – Алма-Атага ўзгартирилиши ҳақида бормоқда.

Қозоғистон президент Қосим Жўмарт-Тўқаев шаҳар аҳолининг фикри инобатга олинмаган ҳолда қайта номланмаслигига ваъда берди. Президент шу тариқа ёзувчи Ўлжас Сулейменовнинг шаҳарнинг қайта номланиши ғоясини гўёки қўллаб-қувватлагани ҳақидаги сўзларига изоҳ берди. 

Тўқаевнинг айтишича, айни вақтда шаҳарни ривожлантириш бўйича долзарброқ масалаларга эътибор қаратиш лозим.

Олма-ота маъмуриятида ҳам шаҳар номини ўзгартириш масаласи кун тартибида йўқлиги айтилган. Айни вақтда шаҳарни 2050 йилгача ривожлантириш стратегияси устида фаол иш олиб борилмоқда.

Аввалроқ Сулейменов унинг Олмаотага тарихий номи қайтарилиши ғоясини Тўқаев қўллаб-қувватлаганини маълум қилган. 

“Президент Тўқаев билан учрашганимда биз бу масалани муҳокама қилдик ва у ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлади. Бироқ буни халқнинг ўзи ҳал қилиши кераклигини айтди. Мени шаҳар ҳокими Бақитжон Сағинтаев ҳам қўллаб-қувватлади”, деб айтган ёзувчи.

Қозоғистонда Жанубий пойтахтга Алма-ата номи қайтарилиши масаласи бот-бот кўтарилиб туради. Шаҳарнинг қайта номланиши тарафдорлари “Алма-ата” номида олманинг апорт тури вужудга келган Олмаотанинг ўзига хослиги кўриниб туришини таъкидлашади.   

Шаҳарга аввалги номининг қайтарилишига қарши чиқувчилар эса ҳар қандай қайта номлаш ўз ортидан бюджет маблағларидан қўшимча харажатларга олиб келишини таъкидлашади. Шу сабабли улар шаҳарнинг номини ўзгартирмаслик керак, деб ҳисоблашади.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид