Ўзбекистон | 08:30 / 21.03.2026
1065
2 дақиқада ўқилади

Олмаотада 48 нафар меҳнат муҳожирининг паспорти қайтариб олиб берилди

Олмаота шаҳридаги Ўзбекистон Бош консулхонаси кўмагида иш берувчилар томонидан олиб қўйилган 48 нафар меҳнат муҳожирининг шахсини тасдиқловчи ҳужжатлари қайтариб берилди.

Фото: Дунё

“Дунё” АА маълумотига кўра, консуллик дипломатлари хориждаги ватандошларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган ишлар доирасида мазкур чораларни амалга оширди. Бу орқали фуқароларнинг ҳуқуқлари тикланиб, уларнинг хавфсизлиги таъминланди.

Шунингдек, жорий йил март ойи бошидан буён Олмаотада қийин аҳволда қолган 382 нафар ўзбекистонликка консуллик-ҳуқуқий, моддий ва амалий ёрдам кўрсатилди.

Жумладан, вақтинчалик яшаш жойи бўлмаган 27 нафар фуқаро хостелларга жойлаштирилди, молиявий қийин аҳволда қолган 12 нафар юртдошга ватанга қайтиш учун авиачипталар тақдим этилди.

Бундан ташқари, тиббий ёрдамга муҳтож бўлган 3 нафар фуқаро шифохоналарга жойлаштирилиб, уларнинг барча харажатлари давлат ҳисобидан қоплаб берилди.

Консуллик вакиллари шунингдек вақтинчалик сақлаш муассасаларида бўлиб турган 312 нафар фуқаро билан видеомулоқот ўтказиб, уларнинг муаммоларини ўрганди ва ватанга қайтариш бўйича зарур ҳужжатларни расмийлаштирди.

Меҳнат муҳожирлари учун қулай шарт-шароит яратиш мақсадида 4 та хусусий хостел билан ҳамкорлик йўлга қўйилди. Шунингдек, шаҳардаги қурилиш объектларида ишлаётган юртдошлар билан учрашувлар ташкил этилиб, уларга қонунчилик ва хавфсизлик масалалари бўйича тушунтиришлар берилмоқда.

Бундай амалий ёрдамлар хориждаги фуқароларни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид