Ўзбекистон | 21:15 / 17.12.2019
8774
10 дақиқада ўқилади

Тошкент шаҳридаги сайловчилар диққатига!

Мамлакатимизда муҳим сиёсий жараён – Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий Кенгашларга сайловларга жуда оз фурсат қолди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасига Халқ демократик партиясидан кўрсатилган номзодлар партиянинг янги Сайловолди дастури асосида жамиятдаги ҳал этилиши лозим бўлган қатор масалаларга эътибор қаратишган. Бугун Тошкент шаҳридан кўрсатилган номзодларимиз ва уларнинг фикр-мулоҳазалари билан танишасиз.

Ҳилола ТЎЛЯГАНОВА,  шифокор, Тошкент шаҳар 5-шаҳар туғруқ комплекси Бош шифокори, 139-Оқтепа сайлов округидан номзод:

– Аҳоли бандлигини таъминлаш долзарб муаммолардан бири экани ҳеч биримизга сир эмас. Айни йўналишда Ўзбекистон Халқ демократик партияси ўз таклифларини илгари сурмоқда. Бу ўринда ногиронлиги бўлган шахсларни иш билан таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратмоқда. Хусусан, партияга тегишли вазифалар ижросини таъминлайдиган демократик таъсир механизмларини ишга солган ҳолда ногиронлиги бўлган шахсларнинг бандлигини таъминлаш ҳамда янги иш ўринлари яратиш бўйича давлат буюртмасини бажариш устидан парламент ва депутатлик назоратини ўрнатишни мақсад қилган.

Отабек ГУЛЯМОВ, ҳуқуқшунос, «Шарқ» нашриёти-матбаа акциядорлик компанияси бош директори, 140-Дархон  сайлов округидан номзод:

– Биз ҳар бир шахс муносиб шароитларда меҳнат қилишининг тарафдоримиз. Бунинг учун тегишли қонун ҳужжатларига зарур ўзгартиришларни киритиш бўйича таклифлар тайёрлаш ва парламентдаги фракциямиз орқали қонунчилик ташаббуси сифатида олиб чиқишни мақсад қилганмиз. Ўйлайманки, бу амалга ошса, кўпгина юртдошларимизни ўйлантираётган масалалар ҳал этиларди.

Наргиза ХАЛМУХАММЕДОВА, шифокор, Миробод туманидаги 1-оилавий поликлиника бош шифокори, 141-Темир йўлчилар сайлов округидан номзод:

— Узоқ йиллардан буён тиббиёт соҳасида фаолият юритаман. Ҳар куни аҳоли билан мулоқотга киришаман. Шу боисдан улар нимани истаётганини яхши биламан. Халқ демократик партиясининг Сайловолди дастурида уларнинг истаклари акс этганидан эса жуда мамнунман. Албатта, ўз Сайловолди дастуримда ҳам мазкур масалага алоҳида эътибор қаратганман. Хусусан, мулкчилик шакли ва молиялаштириш манбаларидан қатъий назар, барча тиббиёт муассасаларида бепул кўрсатиладиган мажбурий тиббий хизматлар рўйхатини ишлаб чиқиш зарур, деб ҳисоблайман. Депутатликка сайлансам, тегишли мажбурий тиббий суғурта механизмларини қонунчиликда мустаҳкамлашга интиламан.

Сотиболди БАБАКУЛОВ, ҳуқуқшунос, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги Фуқароларнинг  ўзини ўзи бошқариш органлари ходимларининг малакасини ошириш бўйича ўқув курслари директори, 142-Қорақамиш сайлов округидан номзод:

– Коммунал хизматлар соҳасидаги ижобий ўзгаришлар билан бир қаторда, ечимини кутаётган масалалар ҳам оз эмас. Буни давра суҳбатлари, кенг жамоатчилик вакиллари билан бўлган учрашув ва очиқ мулоқотларда одамлар очиқ айтяпти. Уйма-уй юрганимизда бунга ўзимиз ҳам амин бўляпмиз. Айниқса, коммунал тўловларда айни бир меъёр белгиланмагани, бунинг оқибатида истеъмолчилар турли миқдорда тўлов тўлаётганидан аҳоли норози бўлмоқда. Аввало, коммунал хизматларни амалга оширувчи ташкилотларнинг ишлаб чиқариш билан боғлиқ бўлмаган йўқотишларини қоплаш мақсадида, нарх-наво ва таърифлар оширилиши ҳолатларига йўл қўймаслик учун маълумотлар очиқлигини таъминлаш лозим. Шунингдек, коммунал хизматлар таърифлари устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш ҳам яхши самара беради.

Хуршид ҚУРБОНОВ, ҳуқуқшунос, Тошкент шаҳар адлия бошқармаси кадрлар бўлими бошлиғи, 143-Саноат сайлов округидан номзод:

– Аҳолининг муҳтож қатламлари ижтимоий ҳимояси билан боғлиқ меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини жамоатчилик муҳокамаси ва жамоатчилик экспертизасидан ўтказиш мажбурийлигини қонунчиликда мустаҳкамлаш лозим. Бу услуб яхши самара беради ва ўзини оқлайди, деб ҳисоблайман. Шунингдек, Давлат хизматлари маркази негизида «электрон ҳукумат» тизими асосида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига қонун лойиҳалари ва турли меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар матнлари, айниқса, халқ депутатлари Кенгашлари, давлат ижро ҳокимияти идораларининг меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлари матнлари билан танишиш имкониятини кенгайтириш зарур.

Феруза МАДРАХИМОВА, журналист, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси бошлиғининг ахборот сиёсати бўйича маслаҳатчиси, 144-Дўмбиробод сайлов округидан номзод:

– Бугун таълимга қанчалик кучли эътибор қаратсак, албатта, бу келажакда ўзининг натижасини беради. Аҳолининг кам таъминланган қатлами учун олий таълимдан фойдаланишнинг ижтимоий мақбуллигини ошириш лозим. Бунинг учун тўлов-шартнома асосида таҳсил оладиган кам таъминланган оилаларнинг фарзандларига имтиёзли таълим кредитларини ажратиш зарур. Шунингдек, ногиронлиги бўлган шахсларнинг олий таълим муассасаларида ўқиши учун имкониятларни кенгайтириш керак. Депутатликка сайлансам, юқоридагиларни амалга оширишга бор кучим билан ҳаракат қиламан.

Илхом Сираджев, иқтисодчи, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги бошқарма бошлиғи, 145-Бодомзор сайлов округидан номзод:

– Мактабгача таълим муассасалари ўсиб келаётган ёш авлоднинг таълим-тарбиясида катта рол ўйнайди. Бепул ва имтиёзли тўловлар асосида фаолият кўрсатадиган давлат мактабгача таълим муассасалари тармоғини кенгайтириш ва келгусида 3-6 ёшдаги болаларни мажбурий мактабгача таълим билан қамраб олиш зарур, деган фикрдаман. Бу таълим сифатини оширишда, боланинг жамоа олдида ўзини тутиши ҳамда тезда мулоқотга киришишида алоҳида аҳамиятга эга.

Дилфуза ИСЛАМОВА, ўзбек тили ва адабиёти ўқитувчиси, Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари, 146-Астробод сайлов округидан номзод:

– Бола оиласининг бағрида ўзини эркин ҳис этади. Ота-онасининг меҳрини туйиб, бобо-бувиларининг қучоғида яйрашни истайди. Бироқ, бир оилада ҳам ота, ҳам она ишлашига тўғри келадиган вазиятлар бўлади. Бу ҳолат асосан ёш оилаларда кўзга ташланади. Она ишлайман деса, боласига қаровчи йўқ. Ишламай деса, шароит шуни талаб қилмоқда. Ўйлайманки, Ўзбекистон Халқ демократик партияси илгари сураётган мактабгача таълим муассасаларида 3 ёшдан кичик болалар учун махсус тарбия гуруҳларини ташкил этиш орқали ёш оналаримизнинг оғири енгил бўлади.

Гулшан АСАТОВА, педагог, Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши сектор мудири, 147-Тўқимачилик сайлов округидан номзод:

Тиббий-акциялар ўтказиш жараёнида, уйма-уй юриб аҳоли орасига кириб борганимизда, опа-сингилларимизнинг фикр-мулоҳазалари, дард-у ташвишларини эшитганмиз, бевосита гувоҳ бўлганмиз. Мен бугун ўз сайловолди дастуримда ана шу муаммолар ечими бўйича таклифларни илгари сурмоқдаман. Масалан, доимий иш ўрнига эга бўлмаган, оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган аёлларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш зарур, деб ҳисоблайман. Бунинг учун, энг аввало, депутатлик ҳамда жамоатчилик назорати тарзида «мардикор бозорлари»ни чуқур ўрганиб чиқиш ҳамда  бир марталик иш билан таъминлашга оид ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар нега иш бермаётганининг сабабларини  аниқлаш зарур. Шунингдек, бандлик ва ишсизликка қарши курашиш соҳасида давлат сиёсатини амалга амалга оширишга доир илғор хорижий тажрибани ҳам ўрганиш ва мақбулларини амалиётга жорий этиш керак бўлади.

Ирода АБДУЛЛАЕВА, биолог, Ўзбекистон Халқ демократик партияси Шайхонтоҳур тумани раиси, 148-Кўкча сайлов округидан номзод:

— Бугунги кунда Шайхонтоҳур туманида истиқомат қилаётган 340 минг нафардан зиёд аҳолига 9 та оилавий поликлиника, 1та тиббиёт бирлашмаси кўп тармоқли марказий поликлиникаси, 1-шаҳар клиник шифохонаси, шаҳар перенатал маркази, 1 та болалар клиник шифохонаси, шаҳар ОИТСга қарши курашиш маркази, 1 та болалар юқумли касалликлар шифохонаси 1 та болалар стоматология поликлиникаси, тез тиббий клиника шифохонаси хизмат кўрсатмоқда. Уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, малакали кадрлар билан таъминлаш лозим, деб ҳисоблайман. Шунингдек, ўз сайловолди дастуримда барча тиббиёт муассасаларида кам таъминланган оилалар, ногиронлиги бўлган шахслар ва аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари учун юқори технологияли тиббий хизматлардан фойдаланган ҳолда ҳар йили бепул тиббий кўрикдан ўтказиш таклифини илгари суряпман.

Алишер РАВШАНОВ, журналист, «Тараққиёт стратегияси» марказининг жамоатчилик билан ишлаш бўлими бошлиғи, 149-Қўйлиқ сайлов округидан номзод:

— Ҳеч биримиз ногиронликдан кафолатланмаганмиз. Бу барчамизни сергаклантириши лозим. Ёнимиздаги одамларга бефарқ бўлмасликка ундаши даркор. Парламентдаги фракция орқали БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари бўйича конвенциясини ратификация қилиш ташаббусини ўрнатилган тартибда илгари суришни кўзлаганман. Ўйлайманки, бу орқали мамлакатимиздаги ногиронлиги бўлган шахсларни ўйлантираётган кўплаб масалаларга ечим топамиз.

Бахтиёр АБДУЛЛАЕВ, Филолог, иқтисодчи, Ўзбекистон Халқ демократик парияси Марказий Кенгаши ташкилий-назорат ва кадрлар билан ишлаш бўлими бошлиғи:

Сайловолди дастуримда аҳолига манзур келадиган, уларнинг манфаатларидан келиб чиқиб қатор масалалар киритилган. Масалан, марказлашган иситиш ва иссиқ сув таъминотини, маиший чиқиндиларни олиб кетиш ва утилизация қилиш хизматларини кўрсатувчи корхоналарни табиий монополияси бўйича қонунчилик меъёрларини кўриб чиқишни таклиф этаяпмиз.

Уй-жой фондини - коммунал хизматлар етказиб берувчи ташкилотлар ҳисобидан замонавий электр энергия, табиий газ, ичимлик суви, иссиқлик энергияси ва иссиқ сув ҳисоблаш асбоблари билан тўлиқ таъминлаш таклифини илгари сурмоқдаман. Шу билан бирга коммунал хизматлар учун барча ўлчов асбобларини етказиб берувчи ташкилотлар балансига ўтказиш ҳамда уларнинг зиммасига асбобларга техник хизмат кўрсатиш, таъмирлаш ва мунтазам текшириш вазифасини юклаш керак, деб ҳисоблайман.

Халқ демократик партияси номзодларига овоз беринг!

ЎзХДП Тошкент шаҳар кенгаши
Ахборот хизмати

Мавзуга оид