Ўзбекистон | 19:28 / 19.12.2019
12622
5 дақиқада ўқилади

Энди прокурор асоссиз қарор қабул қилса, суд жараёнида муҳокамага дучор бўлади – Светлана Ортиқова

Светлана Ортиқованинг фикрича боғчадан, мактабдан бошлаб болалар прокурор бўлишга тайёрланса, улар ҳеч қачон пора олмайди, коррупция иллатига дучор бўлмайди.

18 декабрь куни бўлиб ўтган «Қонун устуворлиги ва инсон манфаатларини таъминлаш - халқ фаровонлиги ва давлат тараққиётининг кафолати» мавзусида мунозара клуби йиғилишидан сўнг Kun.uz’га интервью берган Бош прокурор ўринбосари Светлана Ортиқова прокуратура ходимларининг дахлсизлигини суиистеъмол қилиши прокуратурага обрў келтирмаслиги ҳақида гапирди, прокурор қарори устидан судга мурожаат қилиш тартиби жорий этилишини олқишлашини таъкидлади.

– Яқинда прокуратура ходимларининг дахлсизлигини қисқартиришга оид қонун Сенатда маъқулланди. Бундай қарорга келинишига қайси омиллар туртки бўлди?

– Биз қадам-бақадам очиқлик, қонун устуворлиги сари боряпмиз. Прокуратуранинг «ҳимоя» нуқтайи назаридан бу тамойил олиб ташлангани мени хурсанд қилади. Негаки, прокурор, тергов ходимлари Ўзбекистон Республикаси ҳудудида албатта қонунга қатъий итоат қила бошлайди.

Афсуски, амалиётимизда бунақа [прокуратура ходимларининг дахлсизлигини суиистеъмол қилиш билан боғлиқ] ножўя хатти-ҳаракатлар учраяпти. Бу прокуратурага обрў келтирмайди. Мана шу кафолат олиб ташлангандан кейин прокуратура органлари тергов ходимларининг Конституцияга, қонунга, қоидаларга [риоя қилиши], ўз мансабини суиистеъмол қилишининг олдини олишда катта омил бўлади, деб ҳисоблайман.

– Прокурор қарори устидан судга мурожаат қилиш тартибини қачондан жорий этиш режалаштириляпти?

– Президентимизнинг [Конституциянинг 27 йиллигига бағишланган] тантанали маросимдаги маърузасида шу ҳақда сўз борди. Эртаси куниёқ давлатимиз раҳбари бу бўйича алоҳида қарорни имзоладилар. Ҳозир тегишли вазирлик- идоралар [мутахассисларидан иборат] ишчи гуруҳлар ташкил этилган. Олий суд, Бош прокуратура, Ички ишлар ва Адлия вазирликлари тегишли топшириқларни олишди. Мана шу қонун лойиҳаси устида иш бошланди. Худо хоҳласа янаги йилга мана шу жараён амалга оширилади.

[Ушбу янгилик жорий этилса], прокурор ёки терговчи қонунларни мукаммал ўрганади, процессуал кодексларни яхшилаб билиб олади. Чунки эртага сифатсиз ёки қонунга асосланмаган қарорларни қабул қилса, суд жараёнида муҳокамага дучор бўлади. У ўзигаям, бутун тизимгаям, қолаверса, давлатгаям яхши обрў келтирмайди. Шунинг учун ҳам [прокурор қарори устидан судга мурожаат қилиш тартиби жорий этилишини] жуда қаршилайман, жуда хурсандман. Прокурор масъул мансабдор шахс бўла туриб, у ёки бу қонуности ҳужжатига ёки ҳокимнинг қарорига ёхуд фуқаронинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга ёки зарар етказишга қаратилган қарорларни қабул қилса, шу қарор қонунга асосланган бўлиши керак, кейин уни прокурор суд жараёнида ҳимоя қила билиши керак.

– Ягона тергов қўмитаси ташкил этиш таклиф этиляпти. Бу таклифни қўллаб-қувватлайсизми ёки бунга зарурат йўқ деб ҳисоблайсизми?

– Бошқа давлатларнинг тажрибасини кўрсак, шунақа жараёнлар бўлган, прокуратурадан тергов ажралган ва ҳоказо. Менинг фикримча, ҳозирча алоҳида тергов қўмитаси ёки вазирлик ташкил қилиш, алоҳида йўналиш очиш, тизим яратиш учун бунга жамият, халқ, давлат тайёр бўлиши керак. Фикримизча, ҳозир бизнинг жамиятимиз, халқимиз бунга тайёр эмас. Агарда тайёргарлик нуқтайи назаридан ва жамоавий муносабатлар шуни талаб қилса, бажонидил, прокуратура ҳамиша тайёр. Фақатгина жамият, халқ, давлат манфаати учун.

– Прокуратура тизимини янгилаш, коррупциядан холи давлат органига айлантириш ва кадрлар алмашинуви жараёни охирига етказилдими? Энди прокуратура коррупциядан холи орган сифатида ишлайди деб бемалол айта оламизми?

– Журналистлар орасидаям коррупцияга чалинган одамлар бор-ку? Сиз билан биз шундан барибир қизарамиз-ку, уяламиз-ку? Лекин журналистикани коррупциясиз соҳага айлантира оламиз деб айта оламизми?! Йўқ, албатта. Инсон омили бор. Биз шуни камайтиришнинг ҳаракатида бўлишимиз керак ва шунда бош прокуроримиз айтиб ўтган концепцияга мувофиқ боғчадан, мактабдан бошлаб сиз билан биз фарзандларимизни прокурор бўлишига тайёрласак, бу тизимга кириб келганлар соҳани севиб кириб келишса, ҳеч қачон пора олмайди, ҳеч қачон коррупция иллатига дучор бўлмайди. Шунинг учун келинг, биргалашиб, бир-биримизни қўллаб-қувватлаб, тушуниб ишласак, менимча, жамиятимиз, давлатимиз, сиз билан биз ютамиз.

Жамшид Ниёзов
Тайёрлаган Жамшид Ниёзов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид