Ўзбекистон | 18:10 / 19.12.2019
12272
2 дақиқада ўқилади

Пўлат Бобожонов: «ИИВ ходимларининг ноўрин хатти-ҳаракатлари устидан Call-марказига мурожаат қилиш мумкин»

Ўзбекистонликлар ички ишлар ходимларининг ноўрин хатти-ҳаракатлари устидан 1102 рақамли Call-марказига мурожаат қилишлари мумкин. Марказ узлуксиз 24 соат фаолият кўрсатади. Бу ҳақда Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов 18 декабрь куни бўлиб ўтган «Қонун устуворлиги ва инсон манфаатларини таъминлаш - халқ фаровонлиги ва давлат тараққиётининг кафолати» мавзусида мунозара клубида айтиб ўтди.

Ички ишлар вазирининг таъкидлашича, тизимда амалга оширилган ислоҳотлар натижасида 70 фоиз шахсий таркиб мақбуллаштирилиб, асосий шахсий таркиб қуйи бўғинларга туширилган. Жумладан, Тошкент шаҳрида 85 фоиз, бошқа ҳудудларида эса 70 фоизгача шахсий таркиб қуйи тизимларга туширилган. Шунинг ҳисобига республикада қўшимча 317та ички ишлар бўлинмаси ташкил этилган. Профилактика инспекторлари сони 25 фоизга кўпайтирилиб, хотин-қизлар билан ишловчи 360 нафар аёл инспекторлар фаолияти йўлга қўйилган.

«Жойларда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, жиноят қидирув, тергов, миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмаларини жорий этиш орқали аҳоли учун яқиндан хизмат кўрсатадиган тизим яратилди. Бевосита маҳаллаларнинг ўзида жиноятчиликни жиловлаш ва ҳар қандай ҳуқуқбузарликка нисбатан муросасиз муносабат шакллантириш йўлга қўйилди. Бунинг учун профилактика инспекторларининг сони 25 фоизга кўпайтирилди. Натижада улар томонидан шаҳар шароитида 2,5 минг, қишлоқда 5 мингача аҳолига хизмат кўрсатилиш таъминланди. «Маҳалла посбони» раҳбарларнинг фаолияти тугатилиб уларнинг ўрнига 9 мингдан зиёд профилактика инспекторларининг ёрдамчилари лавозимлари киритилди. Хотин-қизлар билан ишлаш борасида алоҳида ёндашув шакллантирилиб, 360 нафар аёл инспекторлари фаолияти йўлга қўйилди», дея Пўлат Бобожоновнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Ички ишлар вазири юқоридаги ўзгаришлар натижасида 2016 йилда 9,5 фоиз, 2017 йилда 12 фоиз, 2018 йилда 25 фоиз, жорий йилнинг 11 ойига 40 фоиз маҳаллада жиноят содир этилмаганини таъкидлади.

Мавзуга оид