Ўзбекистон | 21:55 / 19.12.2019
13864
3 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев: «Япон бизнесига қулай шароит яратиб берамиз»

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Японияга расмий ташрифини давом эттирмоқда.

Бугун давлат раҳбари ташриф доирасида Япония бош вазири Синдзо Абэ билан учрашди. Икки томонлама учрашувлардан сўнг ҳар икки давлат раҳбарлари ОАВ учун брифингда иштирок этди. Шавкат Мирзиёев журналистлар олдида чиқиш қилар экан, Япония билан муносабатлар янги босқичга кўтарилишига умид қилишини айтиб ўтди.

Меҳмондўстлик учун мезбонларга раҳмат айтиб сўз бошлаган Шавкат Мирзиёев япон халқини янги император тахтга ўтириши билан бошланган «Рэйва» даври билан табриклади (Японияда ҳар бир император даври ўзига хос давр деб ҳисобланади ва унга алоҳида ном берилади. 2019 йил 1 май куни Японияда янги император Нарухито тахтга ўтирди ва бу билан мамлакатда ўзига хос Рэйва даври бошланди).

Шунингдек, президент икки миллат ўртасидаги муносабатларнинг илиқлигини таъкидлаб, иккинчи жаҳон урушидан сўнг кўплаб японияликлар Ўзбекистондан бошпана топганини эслади.

«Аввало бош вазир Синдзо Абэ жаноби олийлари ва япон халқига меҳмондўстлик учун миннатдорчилик билдираман. Япония халқини император Нарухито тахтга келиши билан бошланган Рэйва даври билан табриклайман. Иккинчи жаҳон урушидан сўнг кўплаб японияликлар Ўзбекистонга келиб яшаган ва бизнинг япон миллатига бўлган ҳурматимиз доим юқори бўлган», дейди давлат раҳбари.

Шавкат Мирзиёев брифингда сиёсатчилар халқаро майдондаги мавзуларни муҳокама қилганини ҳам айтиб ўтди. Хусусан, Ўзбекистон президенти Япониянинг БМТ Хавфсизлик кенгашига доимий аъзо бўлиб кириши тарафдори эканини маълум қилди.

«Биз Япония БМТ Хавфсизлик кенгашининг доимий аъзоси бўлишини хоҳлаймиз. Япония 2022 йилда БМТ хавфсизлик кенгашининг доимий бўлмаган аъзоси бўлишини қўллаб-қувватлаймиз. Ўзбекистон «Марказий Осиё + Япония» мулоқоти давом этишини ҳам қўллаб-қувватлайди», дейди Шавкат Мирзиёев.

Шавкат Мирзиёев Япониянинг юқори технологияларга асосланган бизнеси Ўзбекистонга кириб бориши биз учун жуда фойдали эканини таъкидлаб, мамлакатда япон бизнеси учун ҳар қандай шароитлар яратиб берилишини айтди.

«Бугунги учрашувларимиз самарали бўлди. Имзолаган шартномаларимиз муносабатларимизнинг янги босқичга кўтарилишини таъминлайди деб умид қиламан. Биз амалга ошираётган ислоҳотларни амалий жиҳатдан қўллаб-қувватлаётган Японияга миннатдорчилик билдираман. Япон бизнесига Ўзбекистонда қулай шароит яратиб берамиз. Жаноб Абэ, сизни Ўзбекистонга таклиф қиламан», дея Шавкат Мирзиёевнинг сўзларидан иқтибос келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Шавкат Мирзиёевнинг Японияга расмий ташрифи эртага 20 декабрь куни ўз якунига етади. Шу куни давлат раҳбари Япониянинг янги императори Нарухито билан учрашади.

Мавзуга оид