Ўзбекистон | 15:29 / 19.12.2019
10714
3 дақиқада ўқилади

Ёнғин хавфсизлиги институтининг асосий вазифалари белгиланди

Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Ёнғин хавфсизлиги ва фавқулодда вазиятлар муаммолари илмий-тадқиқот институтининг фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Қайд этилишича, Ўзбекистон Республикаси президентининг “Фавқулодда вазиятлар тузилмаларининг фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида” 2019 йил 10 апрелдаги ПҚ-4276-сон қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тизимига Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигидан ўтказилган Ёнғин хавфсизлиги бош бошқармасининг Ёнғин хавфсизлигини илмий-техник таъминлаш маркази ҳамда Ёнғин хавфсизлиги институтининг Ёнғин хавфсизлиги масалалари бўйича фундаментал ва амалий тадқиқотлар маркази негизида Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Ёнғин хавфсизлиги ва фавқулодда вазиятлар муаммолари илмий-тадқиқот институти ташкил этилган.

Қуйидагилар Институтнинг асосий вазифалари ва фаолиятининг йўналишлари этиб белгиланди:

ёнғин хавфсизлигини таъминлаш, фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш соҳасида амалий илмий тадқиқотлар ҳамда инновацион лойиҳаларни амалга ошириш ва бу борада устувор йўналишларни шакллантиришда иштирок этиш;

қурилиш конструкциялари, модда ва материалларнинг ёнғин хавфлилигини тадқиқ этиш, ёнғин-техник ва қутқарув учун мўлжалланган маҳсулотларни синаш ҳамда ёнғинлардан ва бошқа турдаги фавқулодда вазиятлардан ҳимоя қилиш тизимларининг мувофиқлигини баҳолаш;

ёнғинларни ва бошқа фавқулодда вазиятларни тадқиқ қилиш ҳамда ёнғин-техник экспертизаларини ўтказиш;

ёнғин хавфсизлиги, фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш ҳамда ёнғин-қутқарув бўлинмалари шахсий таркибининг соғлиғи ва меҳнат муҳофазасини таъминлаш соҳасидаги техник регламентлар, стандартлар, нормалар, қоидалар ва бошқа норматив ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва такомиллаштириш;

Институт фаолияти йўналиши бўйича республикадаги таълим, илмий-тадқиқот муассасалари ва ишлаб чиқариш ташкилотлари билан ҳамкорликни амалга ошириш ҳамда хорижий мамлакатларнинг илғор илмий-тадқиқот муассасалари билан халқаро алоқаларни ривожлантириш.

Қуйидагилар Институт фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб белгиланди:

Институтни жорий сақлаш учун ҳар йили бюджетдан ажратиладиган маблағлар;

Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг бюджетдан ташқари маблағлари;

Давлат илмий-техника дастурларини амалга ошириш учун ажратиладиган Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетлари маблағлари;

пуллик хизматлар кўрсатишдан тушган маблағлар;

халқаро молия институтлари ва бошқа хорижий ташкилотларнинг грантлари;

қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар.

Тошкент вилояти ҳокимлиги бир ой муддатда Институтнинг бино ва иншоотларини қуриш учун Тошкент вилояти, Зангиота тумани, Эркин қишлоғи, Қуёшли МФИ ҳудудида Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигига фойдаланишга берилган ер майдонидан 3,5 гектарини белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигига ажратилишини таъминлайди.

Мавзуга оид