Жаҳон | 18:50 / 20.12.2019
25587
3 дақиқада ўқилади

2019 йилда сайёранинг қанча ўрмони ёниб кетди: олимлар қўрқинчли видеони тақдим этишди

Олимлар ва жамоат арбоблари саноатдаги карбонат ангидрид чиқиндиларини камайтириш имконини берадиган чора-тадбирлар тўғрисида баҳслашаётган бир пайтда сайёрамиз ёнишда давом этмоқда.

Тропик Африка, Альп тоғлари, Испания, Австралия, Сибирь, Калифорния, Амазония — ушбу минтақаларнинг барчаси ҳар йили ўрмон ёнғинлари сабабли аччиқ тутунга бурканади. Янгилик дастурлари ёки интернет нашрларидаги маълумотларнинг ўзи билан ушбу офатнинг ҳақиқий миқёсини тасаввур қилиш қийин. Одамлар сайёрамизда ҳар йили қанча ўрмон ёнишини тахмин қилишлари учун  мутахассислар сунъий йўлдош суратлари асосида ўтган йил давомида ёнғинлар майдони кўрсатилган визуал тасвирни яратишди ва бу ҳақиқатан ҳам ҳайратда қолдирадиган видео. 

Сайёрамиз ҳаётининг ҳар бир дақиқасида юзлаб ва минглаб гектар ўрмонларни олов йўқ қилиб юборади. Мавсумий характердаги Африка ёнғинлари ўз миқёси билан ажабланарли: қишда, қуруқ мавсумда саванналар ва экватор шимолидаги ўрмонлар ёнади, ёзда эса қитъанинг жанубий қисми олов ичида қолади. Ушбу ёнғинлар қисман қишлоқ жойларини тозалаш мақсадидаги одамлар эҳтиётсизлиги оқибатида, шунингдек табиий сабабларга кўра содир бўлади. 

Сибирь, Амазонка, Жануби-Шарқий Осиё ва Болқонда ёнғиннинг катта ўчоқлари аниқ кўринади. АҚШ ва Канадада ҳам вазият ёмонлашган. Қурғоқчил Калифорния Шимолий Америкаданинг анъанавий ёнғин ўчоғи ҳисобланади, Канаданинг Алберта провинцияси эса бу йил шу қадар шиддат билан ёндики, алангадан чиққан тутун Атлантика океани орқали ўтиб, Европага етиб борди. Австралия ҳам шу жумладан, одамлар улкан ўрмон ёнғинларига қаршилик кўрсатолмайдиган минтақадир. 

Аммо фақат тропиклар ва тайгалар (игна баргли қалин ўрмон) ёнди деб бўлмайди. Бу йил шимолий ярим шарда 100дан ортиқ ёнғинлар қайд этилди, улар қутб доирасидан шимолда юзага келган. Ўрмон-тундрада ҳам қор камайиши биланоқ катта ёнғинлар кузатилмоқда.

Мутахассислар ҳисоб-китобларига кўра, жорий йил бошидан бери ўрмон ёнғинлари натижасида сайёрамиз атмосферасига 6 миллион тоннадан ортиқ карбонат ангидрид кўтарилган. Бу жуда катта қиймат. Аммо, барибир, инсоният цивилизациясининг йиллик саноат чиқиндиларидан келиб чиқувчи 8 миллиард тоннадан ошувчи карбонат ангидрид кўрсаткичидан анча кам.

Мавзуга оид