Жамият | 19:02 / 20.12.2019
7806
3 дақиқада ўқилади

Миллий археология маркази: «Ҳовлилардан чиққан хумлар ҳақида бизда маълумот мавжуд эмас» 

Бугун, 20 декабрь куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Миллий археология маркази фаолиятига доир «Ўзбекистонда археологик тадқиқотлар: йил якуни бўйича сарҳисоб» мавзуида матбуот анжумани ўтказилди.

Берилган маълумотларга кўра, 2019 йилда олиб борилган археологик қазув ишлари натижасида:

- Сурхон воҳасидаги юқори палеолит даврига оид биринчи ёдгорлик ҳисобланган Қораунгурдара ғори аниқланди;

- Ахсикент шаҳрида олиб борилган қазув ишлари давомида тайёрланган объектларда биринчи замонавий типдаги “очиқ осмон остидаги музей” очилди. 2019 йилги қазув мавсумида Ахсикент ёдгорлигида олиб борилган қазув ишлари кенгайтирилиб, яна 6 та объект очиқ осмон остидаги музей учун тайёрланди;

- Бухоро шаҳар шаҳристонида олиб борилган қазув ишлари натижасида шаҳар ҳудудида антик даврдан интенсив яшаб келинганлиги ўз тасдиғини топди;

- Пойкенд ёдгорлигида милоддан олдинги III-II асрларга оид қадимий мудофаа девори қолдиқлари аниқланди, ёдгорлик ибодатхонаси ҳудудида, шунингдек, маъбудларга тортиқ сифатида келтирилган қимматбаҳо қурол ва қурол-яроғлар тўплами аниқланди;

- Тошкент вилояти Оҳангарон туманида жойлашган Қуюн ёдгорлигида олиб борилган қазув ишлари натижасида бундан 3300 йил аввал тоғ-адир қисмларига ёйилган манзилгоҳ ўрни аниқланди;

- Хоразм вилоятида Хумбуз ёдгорлигида олиб борилган қазув ишлари натижасида бундан 2800 йил аввал фаолият кўрсатган энг қадимий ибодатхона қолдиқлари очилди;

- Самарқанд вилоятида жойлашган ва шаҳар ташқарисидаги Самарқанд ҳукмдорлари қароргоҳи сифатида Кофирқалъа ёдгорлигида саройнинг илк ўрта асрлардаги тўлиқ тарихи аниқланди;

Мухбиримизнинг “интернетда тарқалган, аҳоли участкаларида бойликлар жамланган йирик хумлар чиққани, улар одамлар томонидан қазиб олинаётгани ҳақидаги видеолавҳалар қай даражада асосли? Бу бўйича ўрганиш олиб борилганми? Ўзи умуман кимдир қаердандир қадимий буюм ёки бойлик топиб олса, нима қилиши, кимга топшириши керак, топувчи қандай рағбатлантирилади?” деган саволларига Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Миллий археология маркази директори Фарҳод Мақсудов шундай жавоб берди:

– Давлатимиз ҳудудида одамларнинг ҳовлиларидан топилаётган ва қазиб олинаётган йирик хумлар, бойликлар ҳақида бизда айни пайтда маълумот мавжуд эмас. Топилмаларга келсак, Ўзбекистон ҳудуди бежизга қадимий маданият ўчоғи деб айтилмайди. Ҳар бир шаҳримиз, қишлоғимиз, тоғимиз-у чўлларимиздан ҳам қадимий буюмлар, бойликлар чиқиб қолиши мумкин. Чунки биз азалдан Буюк Ипак йўли марказида бўлганмиз.

Топилма топган одам маҳаллага, ҳокимиятга мурожаат қилиши керак. Топилмалар Маданият вазирлигининг маданий мерос департаменти томонидан ўрганилади. Бу департаментнинг инспекторлари ҳудудларда ҳам бор. Улар қадимий обидалар, археологик объектлар кадастрларини ҳам тузишади, рўйхатга олиб боришади. Топувчини рағбатлантириш ҳам топилган буюмга қараб белгиланади.

Мавзуга оид