Ўзбекистон | 09:35 / 20.12.2019
14769
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев: «Биринчи чиқишимдаёқ қўшнилар билан алоқалар яхшиланиши кераклигини айтганман»

Японияда расмий ташриф билан бўлиб турган Шавкат Мирзиёев 19 декабрь куни мамлакат сенати раиси Акико Санто хоним билан учрашди.

Учрашув давомида Япония сенати раиси Шавкат Мирзиёевнинг қўшнилар билан алоқаларни яхшилаш сиёсатини олқишлашини айтди.

«Аввало ажойиб совға учун раҳмат (президент учрашув бошланишида Акико Санто хонимга гулдаста совға қилди). Сенат раиси бўлгандан кейин сизнинг мамлакат билан фақат яхши алоқалар ҳақида гапириш мумкин. Норбоева хоним ва жаноб Сафоев билан учрашувларимиз кўтаринки руҳда ўтди. Сизнинг қўшни мамлакатлар билан алоқаларни яхшилаётганингизни олқишлайман», деди Акико Санто.

Ўз навбатида Шавкат Мирзиёев ўзининг илк иш куниданоқ қўшнилар билан алоқаларни яхшилаш муҳимлигини айтганини таъкидлади:

«Аввало бизнинг мамлакатга бўлган симпатиянгиздан мамнунман. Сиз аввал Сенат раисининг биринчи ўринбосари билан, кейин раис билан, мана энди йил охирида президент билан учрашяпсиз.

Мен ўзимнинг илк чиқишимдаёқ қўшнилар билан муносабатлар яхшиланиши кераклиги ҳақида гапирганман. Бизнинг бу сиёсий ютуғимизга тўғри баҳо берганингиздан хурсанд бўлдим», дея Шавкат Мирзиёевнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Шавкат Мирзиёевнинг Японияга расмий ташрифи бугун 20 декабрь куни якунланади. Президент ташрифнинг охирги кунида Япония императори Нарухито билан учрашади.

Мавзуга оид