Илҳом Неъматов Ўзбекистоннинг Марказий Осиё давлатлари билан чегараларини расмийлаштириш 2020 йилда тўлиқ ҳал этилишини айтди
Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Неъматов Kun.uz’га берган интервьюсида Ўзбекистоннинг қўшни мамлакатлар билан давлат чегараларини белгилаш бўйича олиб борилаётган музокаралар ва уларнинг натижалари ҳақида маълум қилди.
«Чегара масалалари Ўзбекистон учун ниҳоятда муҳим. Мана уч йил давомида президентимиз ташаббуслари билан биз барча Марказий Осиё давлатлари билан чегара масалалари бўйича жуда катта интенсив музокара олиб боряпмиз. Айниқса, Қирғизистон билан 2017 йил 5 сентябрда Ўзбекистон президентининг Қирғизистонга давлат ташрифлари доирасида биз 1170 километрли [чегараларимизни делимитация ва демаркация қилиш бўйича] битимни имзоладик. 2018 йил март ойида президентимизнинг [Тожикистонга] давлат ташрифи доирасида битим имзоланди, бу билан Тожикистон билан делимитация масаласини ҳал қилдик.
Қозоғистон билан 2014 йилда демаркация масаласи муҳокама қилина бошланган. 2004 йилдан бери, мана, шунча йил давомида музокараларни қилган бўлсак-да, ҳозиргача якунланмаганининг сабаблари бор. чунки биз бундан уч йил олдин мутлақо бошқача мазмунда музокаралар олиб борганмиз. Қандайдир муросага келиш, ўзаро келишувга эришиш йўлларини топиш имкони йўқ эди. Ҳозирги кунда президентимиз топшириқларига асосан икки томоннинг ҳам манфаати кўзланган ва муросага келиш керак бўлган жойда ер алмашиш асосида масалани ҳал қиляпмиз. Қозоғистон билан музокаралар охирига етиб боряпти. Бу йил охиригача улгурмасак, янаги йилга албатта Қозоғистон билан демаркация тўғрисидаги битимни имзолаймиз ва тўлақонли чегарани расмийлаштирамиз», дея Илҳом Неъматовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.
Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Туркманистон билан давлат чегараларини белгилаш бўйича олиб борилаётган музокараларга ҳам тўхталиб ўтди.
«Туркманистон билан ҳам [давлат чегараларини делимитация ва демаркация қилиш бўйича] музокараларимиз яхши, интенсив равишда кетяпти. Ҳозирги кунгача жуда кўплаб учрашувлар бўлди. Яқинда Туркманободда учрашув бўлади. Туркманистон билан ҳам келишув масалаларини шу йил охирига етказдик. Янаги йилга улар билан ҳам битимни имзолаймиз ва чегараларимизни расмийлаштириш масаласини тўлиқ ҳал этамиз», деб айтган Илҳом Неъматов.
ТИВ мулозимининг сўзларига кўра, Қирғизистон билан чегараларни белгилаш бўйича тахминан 60 километрга яқин масофани ўз ичига олган 7 участка қолмоқда. Илҳом Неъматов бу бўйича музокаралар давом этаётгани ва 2020 йилда бу масала ҳал қилинишини, икки давлат чегараларини юридик жиҳатдан расмийлаштириш охирига етказилишини таъкидлади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Марказий Осиёнинг барча мамлакатлари билан 7000 километрдан зиёд узунликдаги умумий чегарага эга. Бу кўрсаткич Қозоғистон билан – 2356,31, Қирғизистон билан – 1476,12, Тожикистон билан – 1296,9, Туркманистон билан – 1831,49, Афғонистон билан – 143 километрни ташкил этади.
Аввалроқ, Илҳом Неъматов «Риштон-Сўх» йўли нега очилганидан икки кун ўтиб ёпиб қўйилганини айтган, Ўзбекистон ва Тожикистон чегараларидаги миналар зарарсизлантирилиши қачон якунланишига ойдинлик киритган эди.
Мавзуга оид
20:54 / 11.11.2024
Қозоғистон баҳорда Марказий Осиё давлатларидан 11 миллиард куб метр сув олади
16:34 / 08.11.2024
Россия Марказий Осиёнинг барқарор ривожланишини истайди — Путин
09:30 / 28.10.2024
Брянск губернатори чегарани ёриб ўтишга уриниш ҳақида маълум қилди
22:15 / 25.10.2024