Ашраф Ғани ва Абдулла Абдулла сентябрь ойидаги сайловдан кейинги куниёқ ўзларини ғолиб деб эълон қилишганди.

Афғонистон мустақил сайлов комиссияси раиси Ҳаво Нуристоний 22 декабрда сайловларнинг дастлабки натижаларига якун ясаб, Ғани кўпчилик овоз олганини эълон қилган.  

Унинг таъкидлашича, Муҳаммад Ашраф Ғанига 923 минг 868 киши ёки 50,6 фоиз сайловчилар овоз берган. Унинг асосий рақиби – бош вазир Абдулла Абдулла 720 минг 99 овоз (39,52 фоиз) олган. Қолган номзодлар - Афғонистон Ислом партияси раиси Гулбиддин Ҳикматиёрга 70 минг 243, Раҳматиллоҳ Набилга эса 33 минг 921 овоз берилган. Нуристонийнинг айтишича, текширувлардан кейин 1 млн 824 минг 401 бюллетен ҳақиқий деб топилган.

Абдулла Абдулланинг вакили Бобур Фараҳманд бу натижаларни сохталаштирилган деб атаган. «Барқарорлик ва интеграция» сайлов жамоаси бошқа номзодларнинг қонуний талаблари ҳисобга олинмаган бу сохта натижаларни ҳеч қачон қабул қилмайди», деб айтган Фараҳманд.

Мамлакатда сайлов 28 сентябрь куни ўтказилган, аммо унинг натижалари Абдулла Абдулланинг тарафдорлари овоз бериш жараёнида қўпол қоидабузарликлар қайд этилганини маълум қилиб, норозилик намойишлари бошлагани туфайли шу вақтга қадар расман эълон қилинмай келмоқда.

Абдулла Абдулла мамлакат Олий судига апелляция бермоқчи ва шикоят кўриб чиқилмагунча сайлов натижаларини расмий деб ҳисоблаб бўлмайди.

«Яна бир марта маълум қиламизки, бизнинг жамоамиз қонуний талабларимиз бажарилмагунича бу сохта сайлов натижаларини тан олмайди», - дейилган Абдулла штабининг баёнотида.

Абдулла Абдулланинг ҳисоблашича, ундан 300 минг овозни ўғирлашган.

Беш йил муқаддам ўтказилган президентлик сайловларида Абдулла Ашраф Ғанини биринчи турда ортда қолдирган, аммо иккинчи тур натижаларига кўра мағлубиятга учраганди. Ўшанда ҳам овоз бериш натижалари бўйича баҳслар узоқ давом этган ҳамда сиёсий беқарорлик юзага келишига сабаб бўлганди.

Намойишлар ва инқироз

Абдулла Абдулла тарафдорлари кўплаб шаҳарларда намойишлар уюштиришди