Ўзбекистон | 13:45 / 23.12.2019
1727
3 дақиқада ўқилади

Кейинги сайловларда меҳнат муҳожирлари орасидан ҳам номзодлар қатнашиши мумкинми? Вазир ўринбосари изоҳ берди

Халқаро матбуот марказида ўтказилган матбуот анжуманида Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Неъматов кейинги сайловларда Россия ва бошқа давлатларда ишлаётган меҳнат муҳожирлари орасидан номзодлар кўрсатилиши эҳтимоли ҳақидаги саволга жавоб берди.

«Бу йилги сайловларда мамлакатимизда яшаётган фуқароларимиз билан бирга илк марта хориждаги ўзбекистонликларга овоз бериш имконияти тақдим этилди. Ҳозирги кундаги сайлов қонунларига асосан Ўзбекистон парламентига номзодларни фақат сиёсий партиялар томонидангина кўрсатилиши мумкин. [Сайловларда партиялар ташқари ҳам номзодлар кўрсатилиши ҳақида] ўзбекистонликлар ва хорижликлардан кўп таклифлар бўляпти. Мана шу таклифлар келажакда албатта кўриб чиқилса керак.

Келажакда албатта мигрантларнинг ичидан ҳам депутатлар чиқиши мумкин. Улар мигрантмас, бу ҳақда кечаги тадбирларда ҳам айтдим. Улар хорижга вақтинча ишлаётган фуқароларимиз. Биз уларни қаерда бўлишидан қатъи назар ҳамма жойда ҳимоя қиламиз. Уларнинг қайсидир сабабга кўра чет элда ишлаётгани нормал ҳолат. Миграция фақат Ўзбекистонга эмас, бутун дунёда мавжуд. Аҳолимиз бир йилга етти юз минг нафарга кўпаймоқда. Уларга иш жойи яратиш муаммо. Шунинг учун ҳам бу масала миграция орқали ечим топяпти. Албатта мигрантларнинг орасидаям жуда талантли, салоҳиятли, катта-катта лавозимларда ишлашга муносиб одамлар бор. Менимча, бу масала албатта кўриб чиқилади», дея Илҳом Неъматовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари шахсан ўзи ҳам мигрантлар орасида номзодлар парламентга сайланишини қўллаб-қувватлашини маълум қилди.

Тадбирда хорижий мамлакатларда ташкил этилган сайлов участкалари нима учун Тошкент шаҳридаги қайсидир сайлов участкасига бириктирилгани, нима учун чет элдаги фуқароларимизга ўз ҳудудларидаги номзодларга овоз бериш имконияти берилмагани сўралди.

«Сайлов бошлангандан бери шу саволни ўзимга ўзим бераман. Нафақат ўзимга, балки сайловни ўтказиш учун масъул мутасаддиларга ҳам шу саволни берганман. Ҳақиқатан ҳам чет элда ишлаб юрган фуқароларимизнинг аксарияти вилоятлардан. Бу йил хориждаги ватандошларга илк марта сайловда қатнашиш имкони берилди. Бу борада бошланғич босқичда турибмиз. Чет элда сайлов жараёнини идеал даражада ташкиллаштирилди деб айтолмайман. Муаммолар, камчиликлар кўп, лекин уларнинг ҳаммаси ечилади. Бу [хориждаги сайлов участкаларининг Тошкентдаги қайсидир сайлов участкаларига бириктирилиши] хато бўлган. Кейинчалик бу масала кўриб чиқилади», дейди Илҳом Неъматов.

Аввалроқ, хориждаги сайлов участкаларида овоз берадиган 1 млн 697 минг нафари сайловчи рўйхатга олингани хабар қилинган эди.

Мавзуга оид