Ўзбекистон | 19:38 / 23.12.2019
5964
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев ЕХҲТ Парламент ассамблеяси раисини қабул қилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 23 декабрь куни Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Парламент ассамблеяси (ЕХҲТ ПА) раиси Георгий Церетелини қабул қилди.

Давлатимиз раҳбари мамлакатимиз 2018 йилда ушбу органдаги иштирокини қайта тиклаганидан буён ўзаро муносабатлар сифат жиҳатидан янги даражага кўтарилгани ва ижобий суръат билан ривожланиб бораётганини мамнуният билан қайд этди. 

Бугунги кунда 2019-2020 йилларда ЕХҲТ Парламент ассамблеяси билан ҳамкорликни ривожлантириш бўйича «йўл харитаси» амалга оширилмоқда.

Тузилманинг 50 нафарга яқин вакилларидан иборат делегация илк марта Ўзбекистондаги сайловларни кузатишда иштирок этаётгани қайд этилди.

Георгий Церетели Президент Шавкат Мирзиёевга самимий қабул ҳамда бирлашма билан ҳамкорлик фаоллашгани учун миннатдорлик билдирди.

ЕХҲТ ПА раиси Ўзбекистоннинг ассамблеядаги иштироки ЕХҲТга аъзо давлатлар қонун чиқарувчи органлари билан алоқаларни мустаҳкамлаш доирасида мамлакатнинг манфаатларини илгари суришда янги имкониятлар очганини таъкидлади.

Меҳмоннинг фикрича, бўлиб ўтган сайловлар Ўзбекистон учун тарихий аҳамиятга эга, чунки улар кенг миқёсли ислоҳотлар даврида, ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бюросининг тавсияларини ҳам ҳисобга олиб ишлаб чиқилган янги Сайлов кодекси асосида ўтди.

Учрашув сўнгида ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги сайловларни кузатиш бўйича узоқ ва қисқа муддатли миссияларининг фаолиятига қулай шароитлар яратилгани учун миннатдорлик билдирилди.

Мавзуга оид