Ўзбекистон | 20:10 / 23.12.2019
1824
3 дақиқада ўқилади

Хорижий экспертлар сайловчилар давоматини ижобий баҳолади

Бугун, 23 декабрь куни Симпозиумлар саройида Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси раиси Алишер Курманов ҳамда қатор сенаторлар сайлов жараёнларида кузатувчи сифатида иштирок этиш учун келган делегациялар вакиллари билан учрашувлар ўтказишди.

Учрашувлардан бирида Малайзия делегацияси раҳбари, Малайзия парламенти қуйи палатаси вице-спикери Мох Рашид ибн Хансон сайлов жараёнидаги ўз кузатишларини баён қилар экан, 3та алоҳида органга сайлов ўтказилганига қарамай овоз бериш учун битта ягона қути ўрнатилгани, имконияти чекланган фуқаролар учун махсус кичик қутиларнинг жойлаштирилганини ижобий баҳолади.

Халқаро экспертлар сайловчиларнинг умумий давоматини ижобий баҳолашди.

Жумладан, Осиё Парламент Ассамблеяси бош котиби Муҳаммад Ризо Мажидийнинг қайд этишича, 70 фоизга яқин сайловчининг овоз бериши жуда ижобий ҳолат. Бутун дунёда парламент сайловларига қатнашишнинг ўртача кўрсаткичи 50 фоиз.

Муҳаммад Ризо Мажидий

Ўзбекистондаги мазкур овоз бериш кўрсаткичи сайловчилар ўз хоҳиш-иродаси билан ўзи танлаган номзодини сайлаганини кўрсатади.

Грузия парламенти депутати Симон Нозадзенинг таъкидлашига кўра эса, овоз бериш кўрсаткичи давлатдаги демократияни ҳам кўрсатиб берди.

Симон Нозадзе

«Демак, сайловчиларга овоз бериш учун ҳеч қанақа босим бўлмаган. Электоратнинг ўзи овоз бериш учун келган», дейди грузиялик депутат.

Малайзия делегацияси раҳбари Мох Рашид бин Хансон ҳам 70 фоиз атрофидаги сайловчиларнинг овоз берганини яхши ҳодиса деб баҳолаш мумкинлигини алоҳида таъкидлаб, бу овоз берувчиларнинг кўнгилли тарзда номзодларини сайлашганини англатишини қайд этди.

Мох Рашид бин Хансон

«Малайзияга солиштирадиган бўлсак, бизда, тахминан, ўртача 80-82 фоиз одам овоз беради», дея ўз солиштирувларини айтиб ўтди Мох Рашид бин Хансон.

Маълумот учун, 22 декабрь куни Ўзбекистонда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, шунингдек, вилоят, туман ва шаҳар кенгашларига сайловларда рўйхатга олинган жами 18,7 миллион нафар сайловчининг 67,8 фоизи иштирок этди. 150 минг сайловчи муддатидан аввал овоз бериш ҳуқуқидан фойдаланди.

Сайловда ЎзЛиДеП 43та, «Миллий тикланиш» 35та, «Адолат» 21та, ЎзХДП 18та, Экологик партия эса 11та депутатлик ўрнини қўлга киритган. 22та округда сайловнинг иккинчи тури ўтказилади.

Зилола Ғайбуллаева
Тайёрлаган Зилола Ғайбуллаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид