Жамият | 10:21 / 24.12.2019
8027
2 дақиқада ўқилади

Фарғонада ЙПХ инспекторига тегишли автомашинани тош билан урган фуқаро 14 суткага қамалди

Фото: postda.uz

Фарғонада ЙПХ инспекторига тегишли автомашинани тош билан уриб, пачоқлаган фуқарога 14 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди. Бу ҳақда Postda.uz’га вилоят ИИБ матбуот хизмати хабар қилган.

Жорий йилнинг 16 декабрь куни соат 16:30ларда фуқаро С.В. маст ҳолатда автомобиль бошқариб Бағдод тумани Шўроқер қишлоғида жойлашган мактаб олдига келиб тўхтайди. Ортидан туман ИИБ ЙПХ инспектори ҳам етиб келади. Сабаби аниқ, ҳайдовчининг йўл ҳаракати қоидаларини бузиб ҳаракатланиши инспекторда шубҳа уйғотган эди.

Шу жойда ЙПХ инспектори ҳайдовчига маъмурий баённома расмийлаштирмоқчи бўлади. Аммо ҳайдовчи автомобилни ўзи бошқармаганлигини баҳона қилиб, мактаб биносига кириб кетади. Автомобиль эса жарима майдонига олиб кетилади. Мактабдан қайтиб чиққан С.В. автомашинаси олиб кетилганлигидан жазавага тушиб, шу ерда турган ЙПХ инспекторига тегишли автомашинани тош билан уриб пачоқлайди.

С.В. судда ўша куни маст ҳолатда ўзини бошқара олмаганлигини, ҳуқуқбузарлик ҳаракатига иқрорлигини айтиб кўрсатма берди. Бағдод тумани маъмурий суди эса унга 14 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинлади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид