Фан-техника | 10:17 / 25.12.2019
8133
3 дақиқада ўқилади

Tesla ўн йилликнинг энг яхши автомобилсозлик компанияси деб эътироф этилди

Фото: REUTERS/Jason Reed

Америкалик тадбиркор Илон Маскнинг Tesla компанияси ўн йил аввал акцияларини илк бор биржада жойлаштиргандан бери таҳлилчилар ва матбуот диққат марказида қолмоқда. Компания Маскнинг номақбул твитлари сабабли бир неча бор мушкул вазиятда қолган ва анчагина пул йўқотган. Шу сабабли унинг касодга учраши ҳақида кўп гапирилган.

Аммо шунга қарамай, Tesla жорий ўн йилликни дунёдаги энг муваффақиятли автомобилсозлик компанияси мақомида якунламоқда. 2010 йилда унга сармоя қилинган ҳар бир доллар 1190 фоиз фойда келтирган, деб хабар бермоқда Bloomberg ахборот агентлиги. 

Декабрда компания акциялари рекорд қиймат – 413 долларга етди, умумий қиймати эса 73 млрд долларни ташкил қилди. Tesla’дан қимматроқ фақат Toyota (230 млрд доллар) ва Volkswagen (98 млрд доллар) туради. Қолган йирик рақобатдошлар, жумладан General Motors ва Ford аллақачон ортда қолиб кетган.

Сармоячиларни биринчи навбатда компания савдоларининг жадал ўсиши жалб қилади. Бироқ бу ягона сабаб эмас. Tesla анъанавий автомобилсозлик компанияларидан фарқли ўлароқ, экологик соф келажак ва юқори технологиялар билан боғланади. Бу эса ички ёнув двигателли автомобилларнинг янги ривожланиш босқичидан кўра анча истиқболлидир. 

Кўринишича, яқин йилларда компаниянинг тушуми ўсишда давом этади. Жорий йилда бу кўрсаткич 14 фоизни, 2020 йилда 21 фоизни ва 2021 йилда 18 фоизни ташкил қилиши кутилмоқда. Бу орада энг йирик автомобилсозлик компанияларининг тушуми ўсиши йиллар бўйича мос равишда 1, 4 ва 3 фоизни ташкил қилиши прогноз қилинмоқда.   

Бироқ кўплаб таҳлилчилар ҳамон электромобиллар саноатига ишончсизлик билдиришмоқда ва Tesla акцияларини сотиб юборишни тавсия қилишмоқда. Бу эса Amazon оммавий компания сифатида биринчи ўн йилда тўқнаш келган вазиятга ўхшайди. Ўшанда кўпчилик компаниянинг муваффақиятига шубҳа билан қараган, ваҳоланки Amazon бугунги кунда дунёнинг бош технологик гигантларидан бирига айланди. Эҳтимол, Tesla’ни ҳам шундай тақдир кутаётган бўлиши мумкин.

Credit Suisse таҳлилчиларининг фикрича, Tesla аккумуляторлар ишлаб чиқаришдаги илғор технологиялари ҳисобига барча рақобатчиларидан ўзиб кетган. Қолган компаниялар бу борада ечимни топгунча, Маск компанияси олға боришда давом этиши мумкин. 

Мавзуга оид