Наманганда улоқ-кўпкари бўйича Ўзбекистон чемпионати бошланди
Наманган шаҳрининг марказий отчопарида улоқ-кўпкари бўйича мамлакат чемпионати бошланди. Унда вилоятлардан ташриф буюрган 12 та жамоа ғолиблик учун баҳсларга киришган.
Алоҳида қайд этиш лозим, улоқ-кўпкари бўйича мусобақалар узоқ йиллардан бери ўтказилмаётган эди. Бугун, 26 декабрь куни чемпионатнинг тантанали очилиш маросими ҳамда дастлабки кунги баҳслар бўлиб ўтди.
Мусобақага Ўзбекистон улоқ-кўпкари федерацияси томонидан пухта тайёргарлик кўрилиб, унинг мезонлари Халқаро улоқ-кўпкари федерацияси низомларига мувофиқ ташкиллаштирилган. Яъни майдонда ҳар бир баҳсда битта жамоадан 12 нафар чавандоз ва улоқчи от, жами 24 нафар иштирокчи қатнашади.
Беллашувни бир нафар бош ҳакам ва икки нафар ёрдамчи ҳакам бошқариб боради.
Ғолиблик белгиланган муддат ичида рақиб жамоа сомони – доира шаклидаги маррага киритилган натижалар асосида аниқланади. Дейлик, қайси гуруҳ рақиб сомонига улардан кўп така айириб ташласа, ғолиб ҳисобланади.
Биринчи кунги мусобақаларда қуйидаги натижалар қайд этилди:
Фарғона – Наманган-1 1:0
Бухоро – Сирдарё 1:3
Андижон –Наманган-2 5:0
Тошкент – Қашқадарё 8:1
Андижон – Жиззах 1:0
Наманган-1 – Сурхондарё 1:4
«Қашқадарё вилоятидан катта умидлар билан келдик. Бизда деярли ҳар бир хонадонда от боқилади. Узоқ йиллардан бери улоқ бўйича чемпионат ўтказилмаётган эди. Мана, бугунги кунга келиб, ҳар бир вилоятда Улоқ-кўпкари федерациялари ташкил этилди. Бундай мусобақаларнинг ўтказилиши миллий қадриятларимиздан бўлган қадимий спорт турини ривожланишига катта хизмат қилади», – дейди Қашқадарё улоқ-кўпкари федерацияси раиси Илҳомжон Чоршанбиев.
Биринчи кунги баҳсларда Андижон жамоаси вакили Акмал полвон Ибрагимов ўзининг Чайир лақабли отида икки марта майдонга тушиб, 4 бора улоқни маррага ташлаб, футбол тили билан айтганда тўртта гол урди. Чапдаст полвон билан суҳбатлашганимизда у чавандозлик унга ота-бобосидан мерослигини, мусобақада яхши натижалар кўрсатиш ва халқаро мусобақаларда юрт шаънини ҳимоя қилишни орзу қилаётганини айтди.
Мусобақалар 28 декабргача давом этади.
Элмурод Эрматов, Kun.uz мухбири.
Мавзуга оид
14:06 / 11.10.2024
Рулдаги бола қамалар, Gentra’ни ижарага берган-чи? Ноқонуний машина ижараси ўсмирлар ўлимига сабаб бўлмоқда
12:10 / 10.10.2024
200 минг сўмлик ижара ва уч ўлим: Намангандаги мактаб ўқувчиси содир этган аянчли автоҳалокат тафсилотлари
17:55 / 28.09.2024
“Тўловлар бир хил бўлгач, шароит ҳам бир хил бўлиши керак эмасми?” – Наманганда ҳайдовчилар “МРО” аҳволидан норози
20:44 / 02.05.2024