Президент Абдулла Қодирий мактабига ташрифи давомида «Турон» кутубхонаси фаолияти билан ҳам танишди
Бугун, 26 декабрь куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Тошкентда янги қурилган Абдулла Қодирий номидаги ижод мактаби ва музейни бориб кўрди.
Ижод мактаби ва музей буюк адиб, ўзбек романчилигининг асосчиси Абдулла Қодирий хотирасига эҳтиром кўрсатиш, миллий адабиётимиз ривожига қўшган беқиёс ҳиссасини улуғлаш мақсадида президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан пойтахтимизнинг Абдулла Қодирий номидаги маданият ва истироҳат боғи олдида барпо этилган.
Адиб музейига кираверишда «Турон» кутубхонаси ҳам жойлашган. Бир асрдан ортиқ тарихга эга ва ўзбек халқининг улкан мероси «Турон» кутубхонаси ҳақида эшитганлар ўқувчиларимиз орасида ҳам бўлса керак. Қуйида миллий кўриниш ва замонавий имкониятлар билан фаолияти қайта йўлга қўйилган кутубхона ҳақида айрим маълумотлар ва суратларни сизга илиндик.
Янги кутубхона – замонавий қулайликлар
Миллийлик анъаналари ва замонавий имкониятлар уйғунлиги асосида қурилган янги кутубхона фондида жами 392 045та китоб мавжуд.
Фойдаланувчиларга замонавий ахборот технологиялари ёрдамида тезкор ва сифатли хизмат кўрсатиш мақсадида АКМ электрон китоблар базасига 2019 йил давомида 15073 номда электрон нашрлар ва 140 номда аудио китоблар киритилган.
«Турон» ахборот-кутубхона марказида 7та бўлим фаолият олиб боради:
· илмий-услубий бўлим;
· ахборот-библиография бўлими;
· ўлкашунослик шўъбаси;
· ҳуқуқий ахборот шўъбаси;
· ахборот-кутубхона ҳужжатларини бутлаш бўлими;
· каталоглаштириш ва ахборот бўлими;
· кутубхона ҳужжатларига ишлов бериш бўлими.
Кутубхонада 1918 йилдан буён нашр қилинган газеталар жамғармаси, шунингдек, ҳозирги кунда чоп этилаётган 70 номга яқин даврий нашрлар йиғиб борилади.
Эски шаҳардаги янги қурилишлар
Президент Шавкат Мирзиёев кутубхона фаолияти билан танишди ва шу ернинг ўзида ёзувчи ва шоирлар, адабиётшунос олимлар, ёш ижодкорлар билан мулоқот қилди.
Мулоқот давомида Шавкат Мирзиёев «Турон» кутубхонасининг қайта ташкил этилиши сабабларига тўхталиб ўтди.
«Биз нега пойтахтнинг «Эски шаҳар» қисмида Ислом цивилизацияси маркази, Абдулла Қодирий номидаги ижод мактаби, музей ва кутубхоналарни қайта ташкил қиляпмиз? Сабаби – биз пойтахтга илм қайнаган руҳни, файзни қайтаришимиз ва шу орқали ўзлигимизни тўлароқ англашимиз керак.
Тўғрисини айтсам, «Турон»ни аввалги ҳолатига, яна зиё масканига айлантириш менинг катта орзуларимдан бири эди.
Илмга, адабиётга, маънавиятга эътибор қилмай туриб, иқтисодиётимизни ҳеч қачон ривожлантиролмаймиз», – деди президент.
«Турон»га доимий саёҳатлар
Президент «Турон» ахборот-кутубхона маркази аҳолининг севимли масканларидан бирига айланиши кераклигини таъкидлади.
«Кутубхонага пойтахтдаги маҳалла раислари ва фаоллари ҳам тез-тез келиб туриши, кутубхона фондидаги китобларни мутолаа қилиш орқали буюк тарихимиз билан танишиши ҳамда уни аҳолига етказиши керак. Бу кутубхона ўқувчилар учун илм, маънавият ва қадриятлар ифодаси бўлади», – деди Шавкат Мирзиёев.
105 йиллик тарихга эга кутубхона
«Турон» кутубхонаси 1914 йилда, маърифатчилар Абдулла Авлоний ва Мунаввар қори Абдурашидхонов ташаббуси билан бир гуруҳ зиёлилар томонидан «Турон» номли маданий-маърифий жамият сифатида ташкил қилинган.
Албатта, жамият ўз низом ва дастурларига эга эди. Ана шу дастурдаги энг муҳим масалалардан бири – кутубхона ташкил қилиб, қироатхона очиш бўлган. Бироз ўтиб кутубхона қошида қироатхона пайдо бўлади. 1917 йилда шу жамият аъзолари – Абдулла Қодирий, Мунаввар қори Абдурашидхонов, Чўлпон, Ғулом Зафарий, Шокиржон Раҳимий, Юсуф Алиев ва бошқа бир қатор маърифатпарвар инсонлар ўз хусусий китобларини совға қилиб, кутубхоналарини кенгайтирдилар. Натижада яхшигина китоб хазинасига эга кутубхона ва қироатхона пайдо бўлади.
Илёс Сафаров, Kun.uz мухбири
Мавзуга оид
18:33 / 05.02.2024
Президент Париж-2024 ўйинларидаги натижалар тарихдаги энг яхшиси бўлиши учун зарур чоралар кўришни буюрди
18:30 / 05.02.2024
Дорилар бепул ажратилса-да, беморлар уларни дорихонадан 10 баробар қиммат сотиб олмоқда — президент
18:13 / 05.02.2024
Ҳар бир она ва бола ўлими фавқулодда ҳолат сифатида баҳоланади — президент
14:13 / 05.02.2024