Ўзбекистон | 11:17 / 27.12.2019
10665
2 дақиқада ўқилади

2020 йил 1 апрелдан Ўзбекистонга микронутриентлар билан бойитилмаган унни импорт қилиш тақиқланади

Foto: Getty Images

Вазирлар Маҳкамасининг “Аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Ҳужжат сурункали буйрак ва жигар касалликларининг терминал босқичларида бўлган ҳолатларда қариндошлар орасида буйрак ва (ёки) жигар бўлагини трансплантация қилиш учун кулай шароитлар яратиш, шунингдек, юқори технологияли ихтисослашган тиббий ёрдам кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш ва аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишни янада кенгайтириш мақсадида қабул қилингани айтилади.

Қарор билан Вазирлар Маҳкамасининг “Аҳоли ўртасида микронутриент етишмаслиги профилактикаси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини амалга ошириш чора-тадбирлари ҳақида” 2010 йил 23 ноябрдаги 260-сон қарорининг 1-банди қуйидаги мазмундаги хатбоши билан тўлдирилди:

“2020 йил 1 апрелдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси ҳудудига I нав буғдой уни ва ош тузи фақат микронутриентлар билан бойитилган ҳолда импорт қилинади”.

Эслатиб ўтамиз, 2011 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси ҳудудида I нав буғдой уни ва ош тузи фақат микронутриентлар билан бойитилган ҳолда ишлаб чиқарилиши ва сотилиши белгиланган.

Микронутриентлар - инсон организмининг нормал ўсиши ва ривожланиши учун зарур бўлган, ўрнини бошқа нарса боса олмайдиган озиқ-овқат моддалари (витаминлар ва минерал моддалар).

Микронутриент етишмаслиги - инсон организмининг озиқ-овқат билан тушадиган микронутриентлар етарли эмаслиги сабабли касалликларнинг ривожланишига олиб келадиган ҳолати.

Бойитилган озиқ-овқат маҳсулоти - ишлаб чиқарилиши жараёнида микронутриентлар билан бойитилган (фортификация қилинган) озиқ-овқат маҳсулоти.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид