20:16 / 27.12.2019
0
21198

Forbes ўн йилликнинг энг муваффақиятли россиялик миллиардерини маълум қилди 

НОВАТЭК ва “Сибур” компаниялари эгаси Леонид Михельсон россиялик миллиардерлар ўртасида ўтган ўн йилликда бойлиги энг кўпайган миллиардер бўлди. Бу ҳақда Forbes нашри маълум қилди. 

Нашр маълумотларига кўра, 2010 йилдан бошлаб Михельсоннинг бойлиги 4,4 млрд доллардан 27 млрд долларгача, яъни 22,6 млрдга кўпайган. 

Энг кўп бойиган россиялик миллиардерлар рейтингининг 2-ўрнини НОВАТЭК ва “Сибур”нинг яна бир акциядори Геннадий Тимченко эгаллаган. Унинг бойлиги 10 йил ичида 22,7 млрд долларгача, яъни 20,8 млрд долларга кўпайган.

Кейинги ўринларни  “Норникель” эгаларидан бири Владимир Потанин (13,5 млрд доллардан 23,8 млрд долларгача бойиган), ЛУКОЙЛнинг энг йирик акциядори Вагит Алекперов (13,2 млрд долларга бойиган) ва “Северсталь” эгаси Алексей Мордашов (10,3 млрд доллар) эгаллаган.

“Ўн йилликнинг бош бенефициарларини бир нарса боғлайди – улар хом ашё иқтисодиёти: металлургия, кимё саноати, нефть-газ соҳаси эвазига бойиганлар”, дейилган Forbes’да.

Шунингдек, етакчи ўнталикдан  Андрей Мельниченко (10,2 млрд долларга бойиган), Виктор Вексельберг (5,5 млрд доллар), Алишер Усмонов (5,3 млрд доллар), Владимир Лисин (5 млрд доллар) ва Андрей Козицин (4,6 млрд доллар) ўрин олган.

Таъкидланишича, рейтингга кирган миллиардерлар 10 йил ичида ўз капиталларини умумий ҳисобда 111 млрд долларга кўпайтира олишган.

Нашр декабрь охирида 2019 йилда энг бойиган россияликлар рейтингини тақдим қилганди. Рейтингга Потанин етакчилик қилиб, унинг капитали бир йилда 7,8 млрд долларга кўпайган. Кейинги ўринларни Михельсон, Алекперов, Тимченко ва Мордашов эгаллаган.

Шу билан бирга, Forbes Россияда 2019 йил тадбиркори сифатида ОНЭКСИМ гуруҳи эгаси, августда “Бруклин Нетс” баскетбол клубини Alibaba асосчиларидан бирига 1,35 млрд долларга сотган Михаил Прохоровни эътироф этган.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top