Ўзбекистон | 22:12 / 28.12.2019
25371
3 дақиқада ўқилади

2020 йилдан Ўзбекистонда ўзбек ва рус тилини билиш даражасини аниқлайдиган тестлар амалиётга татбиқ этилиши кутилмоқда

2020 йилдан Ўзбекистонда ўзбек ва рус тилини билиш даражасини аниқлайдиган тестлар амалиётга татбиқ қилиниши ва малака даражаси тўғрисида сертификат бериш жорий этилиши кутилмоқда. Бу ҳақда бугун, 28 декабрь куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Давлат тест маркази раҳбарияти ва мутасаддилари иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди.

“CEFR талабларига мувофиқ давлат (ўзбек) тили ҳамда рус тилини билиш даражасини баҳолаш бўйича B1 ва B2 даражали тест саволлари ишлаб чиқилди. 3та вариантда тайёрланган тестлар Банк-молия, Давлат бошқаруви академияси тингловчилари ва ДТМ ходимлари иштирокида апробациядан ўтказилди. Апробация натижалари статистик таҳлил қилинди ҳамда бу таҳлил хулосалари Вазирлар Маҳкамасига тақдим этилган. Тест саволлари такомиллаштирилгач, 2020 йилдан уларни амалиётга татбиқ этиш режалаштирилмоқда.

Бундан ташқари, 396 нафар талабгор иштирокида тест синовларининг ёзма ишлари текширилди. Айни пайтда янги тузилган тестларни  такомиллаштириш бўйича ишлар олиб борилмоқда”, дейди ДТМ Чет тилини билиш даражасини баҳолаш бошқармаси бошлиғи Сардор Ражабов.

Матбуот анжуманида маълум қилинишича, чет тилини билиш ва эгаллаш даражасини аниқлаш ҳамда давлат намунасидаги малака сертификатини бериш учун 2019 йилда жами 14869 нафар талабгордан тест синовлари олинган. Бундан ташқари, чет тили ўқитувчиларига устама ҳақ белгилаш учун 2772 нафар ўқитувчи тест синовларида қатнашган.

Сардор Ражабовнинг таъкидлашича, ДТМ Чет тилини билиш даражасини баҳолаш бошқармаси томонидан кўп даражали тестлар (multilevel test) ишлаб чиқилган.

“Ҳозирги кунда амалиётда битта даражага топширилади, яъни A2дан бошлаб C1 даражасигача. Янги ишлаб чиқилган форматда ҳамма даража қамраб олинмайди, фақатгина B1 ва B2 даражаси қамраб олинади. Шу бўйича ишлаб чиқилган тестлар Тошкент давлат иқтисодиёт университети биринчи курс талабалари иштирокида апробациядан ўтказилди. Бу борада ҳам натижалар таҳлил қилиниб, тест саволлари такомиллаштириш жараёнида, яъни апробация натижаларига кўра тестлар мутахассислар томонидан қайтадан кўриб чиқилмоқда”, дейди Ражабов.

Тадбирда чет тили ўқитувчиларига устама ҳақ белгилаш учун тест синовлари айни пайтда май ва декабрь ойларида ўтказилиши, ўқитувчиларга енгиллик яратиш мақсадида Британия кенгаши билан ҳамкорликда “APTIS for teachers” тестларини жорий қилиш режалаштирилгани, бунинг учун устама ҳақ тестларини ўтказиш низомига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича ДТМ директорининг буйруғи қабул қилингани маълум қилинди.  

Мавзуга оид