Таълим | 08:34
240
2 дақиқада ўқилади

Хориждаги ёшлар учун халқаро ўзбек тили олимпиадаси ташкил этилади

Ўзбекистонда Алишер Навоий номидаги халқаро ўзбек тили олимпиадаси йўлга қўйилади. Унда хорижда яшовчи 14–18 ёшли ватандош мактаб ўқувчилари якка ёки жамоавий тарзда иштирок этиши мумкин.

Ҳукуматнинг 2026 йил 18 майдаги 250-сон қарори билан “Алишер Навоий номидаги халқаро ўзбек тили олимпиадасини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисида”ги низом тасдиқланди.

Низомга кўра, халқаро олимпиада ҳар йили октябрь ойигача икки босқичда ўтказилади. Биринчи босқич тест синовлари, иккинчи босқич эса ёзма иш шаклида ташкил этилади.

Иштирокчилар офлайн ёки онлайн тарзда, жамоавий ёхуд якка ҳолда қатнашиш имкониятига эга бўлади.

Хорижий давлатлар терма жамоалари таркиби 6 нафаргача иштирокчи ва 1 нафар жамоа раҳбаридан иборат бўлади. Шунингдек, бир давлатдан учтагача терма жамоа қатнашишига рухсат берилади.

Биринчи босқичда иштирокчилар 50 балл билан баҳоланадиган 30 та тест топшириқларини бажаради.

Иккинчи босқичда эса Ҳакамлар ҳайъати томонидан таклиф этилган бештагача эссе мавзуси орасидан қуръа орқали танланган битта мавзу бўйича ижодий иш ёзилади.

Олимпиада ғолиб ва совриндорлари олтин, кумуш ва бронза медаллари, дипломлар ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид