Жамият | 23:45 / 28.12.2019
38641
4 дақиқада ўқилади

Фуқаролар яна бир хусусий бандлик агентлиги фаолиятидан норози

Самарқанд шаҳрида жойлашган «AMILEE BAHORA» хусусий бандлик агентлиги томонидан Европа давлатига ишга жўнатилганлар дуч келаётган муаммолар Youtube портали орқали тарқалди.

Видеода мазкур бандлик агентлиги томонидан Литвага ишга жўнатилганлардан 60 киши уларни ҳеч ким у ерда кутиб олмагани, озиқ-овқат ва ётоқ пули учун мардикорлик қилиб кун кечиришаётгани ҳамда кун ўтиши учун турли оғир меҳнатларни бажаришга мажбур бўлишаётганини  баён қилишган.

Биз мазкур мурожаатни ўрганиш учун Самарқанддаги «AMILEE BAHORA» хусусий бандлик агентлигининг Регистон кўчасида жойлашган офисига бордик. Бу ерда бандлик агентлигидан норози кўплаб фуқароларга дуч келдик. Биз қизиққан дастлабки жиҳат — фуқаролар хорижга ишга жўнатилиши учун энг камида 25-30 миллионлаб пул сарфлашган.

Айни пайтда ваъда қилинган ишга эриша олмасдан хорижда сарсон бўлганлар ҳам бор. Бошқаларнинг сарсон бўлаётганини кўриб, фикридан қайтиб пулини қайтариб олиш дардида бўлганлари ҳам бор. Шунингдек, Европа Иттифоқи давлатига кириш учун виза ололмаганлари ҳам пулини қайтариб олиш дардида.

Бандлик агентлиги юристи Жаҳонгир Тоҳиров хорижга борганлар шартномада кўрсатилган ишни қилмасдан қайтиб келишганини маълум қилди. Ишлаётганлар ҳеч қандай тўсиқсиз, маза қилиб юрганини айтиб, Литвада туриб «хор бўлдик, оч ўтирибмиз», деганлар эса туҳмат қилаётганлигини маълум қилди.

Бироқ хориждан алоқага чиққанлардан бири ҳануз маошларини ололмаётганини айтди.

Мурожаатчиларнинг айримларига Арманистон пойтахти Еревандаги Литва элчихонаси орқали Европа Иттифоқига ўтказиш, сўнгра уларни Германияда катта маошли иш билан таъминлаш, жумладан, юк машиналари ҳайдовчилиги ваъда қилинган. Аслида эса улар кам маошли бошқа оғир ишларга жалб қилинганлигини айтишмоқда.

Мурожаатчилар бу борада ички ишлар бўлими, прокуратура, вилоят ҳокимлигига мурожаат қилишгани, бироқ пулларини ундириш борасида бирор сезиларли ҳаракат амалга оширилмаганини таъкидлашмоқда.

Хусусий бандлик агентлигининг юристи Жаҳонгир Тоҳиров бундан тарзда шов-шув кўтариш халқаро ҳамкорликка рахна солишини, хорижлик ҳамкорларнинг Ўзбекистонга ишончи сўнишига сабаб бўлиши мумкинлигини, фуқаролар ўз ихтиёрлари билан шартномаларга имзо қўйишганини таъкидлади.

Фуқаролар агентлик ўз хизматлари учун АҚШ долларида тўловлар қабул қилганига оид вазиятни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ўрганиб чиқиши лозим, деб ҳисобламоқда.

Агентлик мижозларига кўра, хорижликлар уларни алдамаган. Фақат бандлик агентлиги билан шартнома имзолаган ҳамкорлар уларни чув туширишган. Бу ердан нотўғри ҳужжат қилиб берилгани сабабли улар тайинли ишга кира олишмаган. Чунки бандлик агентлиги томонидан тайёрланган ҳужжат муайян корхонада ишлаш ҳуқуқинигина берган.

Агентлик юристи аризалар бўйича текшириш жараёни кетаётгани айтди. Фуқароларнинг аризалари юзасидан жавоблар мазкур текшириш якунларига кўра берилишини таъкидлади.

«AMILEE BAHORA» хусусий бандлик агентлиги ва унинг мижозлари ўртасида юзага келган зиддиятга Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси масалалари Агентлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Агентликлари эътибор қаратиб, белгиланган тартибда муносабат билдиришига умид қилиб қоламиз.

Шуҳрат ШОКИРЖОНОВ, Kun.uz махсус мухбири.
Фахриддин ҲОТАМОВ, тасвирчи

Мавзуга оид