Ўзбекистон | 09:21 / 28.12.2019
11552
3 дақиқада ўқилади

Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишдаги тизимли муаммолар маълум қилинди

Фото: Fotolia

Кўчмас мулкни рўйхатга олиш ва кадастр тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари қабул қилинади. Президентнинг бу ҳақдаги қарори лойиҳаси муҳокама учун жойлаштирилди.

Ҳужжатда қайд этилишича, сўнгги йилларда мамлакатда кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни рўйхатга олишни такомиллаштириш, давлат кадастрларини юритиш, геофазовий ахборотни шакллантириш бўйича бир қатор туб ўзгаришлар амалга оширилди. Аҳоли ва тадбиркорлар учун рўйхатга олишнинг ҳуқуқий базаси яратилди ва тартиб-таомиллари соддалаштирилди.

Шу билан бирга, кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш, давлат кадастрларини юритиш тизимини ўрганиш натижалари бир қатор камчиликларни аниқлаб бердики, улар мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлигини оширишга, прогнозлаш ва бизнесни ривожлантириш учун тўғри бошқарув қарорларини қабул қилишга тўсқинлик қилади.

Бундан ташқари, мавжуд имкониятлар ва салоҳиятдан етарлича фойдаланмаслик, шунингдек қуйидаги кўрсатилган тизимли муаммоларнинг мавжудлиги кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш, давлат кадастрларини тизимли юритиш, кўчмас мулкнинг кадастр баҳосини шакллантириш тизимини янада такомиллаштиришга тўсқинлик қилмоқда, хусусан:

биринчи – кўчмас мулк объектларини рўйхатга олиш юзасидан олиб борилаётган ислоҳотларнинг амалиётга етарлича жорий этилмаганлиги оқибатида “Бизнес юритиш” йиллик ҳисоботининг тегишли индикаторлари бўйича мамлакат рейтинги паст ўринларда қолмоқда;

иккинчи – яратилган ахборот тизимларига қарамай, ваколатли вазирликлар ва идоралар томонидан ҳар бир давлат кадастри бўйича геоахборот маълумотлар базалари шакллантирилмаган;

учинчи – кўчмас мулк объектлари бўйича давлат кадастр ҳисобга олиш ва уларга бўлган ҳуқуқларни рўйхатга олиш билан тўлиқ қамраб олинмаган;

тўртинчи – кўчмас мулкни давлат кадастр ҳисобига олиш ва унга бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишни амалга оширувчи маъмурий бошқарув тизими мураккаб тузилмага эга;

бешинчи – тармоқда давлат-хусусий шериклик элементлари жорий этилмаган;

олтинчи – тармоқни молиявий ривожлантириш, давлат кадастр маълумотлари монетизациясининг мақсадли параметрлари йўқ, бу кадастр ва геофазовий ахборот тизимини модернизация қилиш ва доимий қўллаб-қувватлашга тўсқинлик қилади;

еттинчи – маълумотларни сақлаш ва шакллантириш усулларининг эскирганлиги, уларнинг ортиқча ёпиқлиги геофазовий маълумотлар тармоғини ривожлантиришга тўсқинлик қилади;

саккизинчи – хариталарни рақамлаш тўлиқ шакллантирилмаган, кадастр архивлари ҳали-ҳануз қоғоз ташувчиларда қолиб кетмоқда;

тўққизинчи – манзилли реестрнинг мавжуд эмаслиги давлат хизматларини, шу жумладан, интерактив тарзда тақдим этишга жиддий тўсқинлик қилмоқда.

Ушбу ҳолатлар ҳамда тўпланиб қолган тизимли муаммолар кўчмас мулк объектларининг давлат кадастр ҳисоби ва уларга бўлган ҳуқуқларни рўйхатга олиш, давлат кадастрларини юритиш, геофазовий ахборотни яратиш ва фойдаланиш соҳасидаги фаолиятнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини тубдан ислоҳ қилишни тақозо этади.

Бундан олдин, Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси қошида Кадастр ва геофазовий ахборот агентлиги ташкил этилиши хабар берилганди.

Мавзуга оид