Қарши шаҳридаги «Отчопар» маҳалласига ички йўлларнинг ҳолати билан боғлиқ муаммони ўрганиш учун борган эдик. Аммо маҳалла аҳли билан суҳбатлашиш асносида яна бир жиддий муаммо — мактаб етишмаслиги ҳақидаги муаммо юзага чиқди.

Маълум бўлишича, мазкур маҳалладаги 44-мактаб 2004 йилда 434 ўринли қилиб қурилган. Мактаб қурилган пайтда маҳалладан ер участкаси олган фуқароларнинг бир қисми кўчиб келган, бошқалари уйини энди кўтараётган бўлган. Орадан вақт ўтиб, маҳалла аҳлининг асосий қисми кўчиб келганидан сўнг атрофда бошқа мактаб йўқлиги учун ушбу мактабда ўқувчилар сони кескин ошиб кетган.

Бугунги кунда ушбу мактабда 1600 нафардан кўпроқ ўқувчи таҳсил олмоқда. Жорий йилнинг сентябрида мактаб маъмурияти 21та синфни Қарши шаҳар маиший хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежига жойлаштирган. Бундан уч ҳафта олдин коллеж биноси Қарши давлат университетига берилган. Шундан сўнг батамом чорасиз қолган мактаб маъмурияти ўқувчиларнинг бир қисмини собиқ маҳалла идораси ва унинг ёнида жойлашган собиқ МТМ биносига кўчирган. Қисман таъмирланган ушбу бинодан мактаб филиали сифатида фойдаланилмоқда.

Биз филиални кўздан кечирганимизда у ерда ўқувчилар оғир шароитда таълим олаётганига гувоҳ бўлдик.

Ўқитувчилардан бирининг сўзларига кўра, филиалда бугун 14та синф, 375 нафар ўқувчи икки сменада таҳсил олаяпти. Аммо маҳалла идораси ва МТМнинг собиқ бинолари таълим талабларига умуман жавоб бермайди. Маҳалла аҳлининг маълум қилишича, 2014 йилда янги 4-5 гектар жой мактаб қурилиши учун қолдириб кетилган. Ўша жой бугун ҳам бўш турибди. Агар бу ерда мактаб қурилса, ҳудудда кўпчиликни қийнаётган муаммо ўз ечимини топади. Бироқ, бир неча йилдан бери мактаб қурилиши бошлангани йўқ.

Бугун 44-мактабда таълим олаётган болаларнинг бир қисми 2–2,5 км, мактаб филиалида ўқиётган ўқувчилар эса камида 3–3,5 км масофага қатнаб ўқишяпти. Ота-оналарнинг айтишича, иккинчи сменада ўқийдиган ўқувчилар уйига етиб боргунча кеч бўлиб кетади. Бу ҳолат эса уларни хавотирга солмоқда.

Мактабда синф хоналари етишмаётгани боис, маъмурият директор хонаси, кутубхона, ўқитувчилар хоналарини синфхоналар учун бўшатиб бериб, мактаб биносининг катта залини гипскартон билан хоналарга ажратиб, у ердан маъмурий хоналар сифатида фойдаланмоқда.