Ўзбекистон | 11:36 / 14.10.2021
10551
2 дақиқада ўқилади

Танқидга муносабат: Бойсундаги мактаб ўқувчиларини ташиш учун Damas машинасини олишга шартнома тузилган

Фото: Kun.uz

Жорий йилнинг 13 октябр куни Кun.uz’да «Оталарни қийнаган муаммо болаларга мерос ўтяпти: Бойсунда «ижарада юрган» мактаб филиали бор» сарлавҳаси билан танқидий мақола эълон қилинганди. Мазкур мақола юзасидан туман ҳокимлиги ахборот хизмати муносабат билдирди.

Маълум қилинишича, Бойсун туманидаги «Дарбанд» МФЙга қарашли Баланди қишлоғида бугунги кунда 47 та хўжаликда жами 233 нафар аҳоли истиқомат қилади. Ушбу қишлоқдаги 21-мактабнинг филиали сифатида фойдаланиб келинаётган бинода 26 нафар, 2, 5, 8, 11-синф ўқувчилари 2 сменада таҳсил олади.

Қайд этилишича, Бойсун туман ХТБ томонидан 2021 йилда Баланди қишлоғидаги филиалда ўқиётган ўқувчиларнинг энг яқин ҳудудда жойлашган 61-мактабга қатновини йўлга қўйиш мақсадида Damas машинасини сотиб олиш учун шартнома тузилган ҳамда ҳайдовчилик ўрни ажратилган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 23 августдаги «2019-2022 йилларда Бойсун туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 709-сонли қарорига асосан, тумандаги 4Р-105 «Дарбанд-Бойсун-Элбаён» автомобил йўлининг 5-70-километр қисмларини 4 тасмали цемент бетон қопламага ўтказган ҳолда реконструкция қилиш режалаштирилган.

Ушбу автомобил йўлининг таъсир доирасига Дарбанд маҳалласи ва унга қарашли Баланди қишлоғидаги фермер хўжаликларига қарашли ер майдонлари, 15 та турар ва нотурар жойлар, шу жумладан, 21-мактаб филиали сифатида фойдаланилаётган биноси тушган.

Таъкидланишича, 21-мактаб филиали сифатида фойдаланилаётган бино Дарбанд маҳалласида яшовчи Ф.Эшонқуловга тегишли бўлиб, бино бузилиши учун компенсация маблағлари тўлаб берилган

Мавзуга оид