Жаҳон | 21:02 / 30.12.2019
13577
2 дақиқада ўқилади

Хитойда инсон генини таҳрирлаш билан шуғулланган олим панжара ортига жўнатилди

Фото: АР/ТАСС

Хитойда инсон эмбрионини генетик таҳрирлаш билан шуғулланган олим Хэ Цзянькуй 3 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Бу ҳақда “Би-би-си” хабар берди. 

2018 йил ноябрда олим генетик таҳрирланган эмбрионлардан дунёдаги биринчи болалар туғилганини эълон қилган. Олимнинг айтишича, у эгизак қизлар ДНК кодини улар ОИВга чалинмайдиган қилиб ўзгартирган.

Хэ Цзянькуй ўз тажрибалари ҳақида маълум қилгандан кейин жаҳон илмий ҳамжамияти томонидан танқидга учраган. У инсон эмбрионлари билан шахсий тажрибалар ўтказишга тақиқни бузганликда айбдор деб топилган.  

Олимга қамоқ жазосидан ташқари 3 млн юан (430 минг доллар) миқдорида жарима солинган. Шунингдек, у Шэньчжэн университетидан бўшатиб юборилган.

Олимга тажрибаларни ўтказишда ёрдам берган икки шогирди камроқ муддатга жазоланган.

Суд генетикларни шахсий манфаат олиш ва шон-шуҳрат қозониш мақсадида ҳаракат қилган деб топган. 

“Синьхуа” ахборот агентлигининг хабар беришича, олим эълон қилган эгизаклардан ташқари, тажрибалар вақтида ОИВга чалинмайдиган яна бир бола туғилган.  

Ҳукуматнинг маълум қилишича, ҳозирда ушбу болалар шифокорлар кузатувида қолмоқда.

Мавзуга оид