19:30 / 01.01.2020
0
22865

Златаннинг вориси, янги Неймар ва Лэмпард болалари. 2019 йилдаги асосий кашфиётлар

Ёш ва талантли футболчиларни барча яхши кўради. Айнан улар туфайли футбол келажагига оптимистик руҳда қараш мумкин. 2019 йилда Европа яшил майдонларида ўзини кўрсатган қуйидаги футболчилар 2020 йилда ҳам муваффақиятли ўйин кўрсатишда давом этишига шубҳа йўқ.

Эрлинг Ҳоланд, 19 ёш («Зальцбург»/«Боруссия» Д)

Фото: © TF-Images / Contributor / / Getty Images Sport / Gettyimages.ru

Златан Ибраҳимович фаолиятини якунлашга улгурмай, унга муносиб ворис етишиб чиқди. Тўғри, Швецияда эмас, қўшни Норвегияда. Бир йил муқаддам вояга етган Эрлинг Ҳоланд Австриянинг «Зальцбург» клуби билан шартнома имзолаганди. Унинг Чемпионлар лигасидаги дебюти ўта муваффақиятли кечди — Ҳоланд гуруҳ босқичидаги қаторасига 5та ўйинда гол урди ва бу борада Дель Пьеро, Неймар, Роналду ва Левандовски билан тенглашиб олди.

Вундеркинд барча жабҳаларда моҳир: баланд бўйли футболчининг тезлиги ҳам, техникаси ҳам яхши, майдонни кўриши ҳам. Уни қўлга киритиш учун «МЮ» ва «Ювентус» каби гигантлар кураш олиб боришди, жуда катта комиссия пули сўраган агент Мино Райола эса уларни қийин аҳволга тушириб қўйди. Ҳоланд олдида қийин танлов эди, «Юве» — суперклуб, Манчестерда эса футболчини «Мольде»далигида кашф қилган ватандоги Сульшер ишлайди.

Аммо янги йилни 19 ёшли форвард немис клубида бошлайдиган бўлди — австрияликлар ЕЧЛнинг гуруҳ босқичида қолиб кетишди ва норвегиялик футболчисини ҳақиқий ёш юлдузлар фабрикаси ҳисобланадиган Дортмунднинг «Боруссия» клубига бериб юборишди.

Жоау Фелиш, 20 ёш («Бенфика»/«Атлетико»)

Фото: © REUTERS / Susana Vera

Январь ойи бошида «Бенфика» бошқарувига 43 ёшли мутахассис Бруну Лажи келди. Унинг биринчи қарори 19 ёшли Жоау Фелишни асосий жамоада бошланғич таркибга қўйиш бўлди. Португалия футболининг янги юлдузи ишончни оқлади ва мавсумнинг иккинчи қисмини ҳаддан ташқари кучли ўтказди: «Спортинг» ва «Порту» каби асосий рақибларга қарши ўйинларда асосий футболчига айланди, Европа Лигасида «Айнтрахт» дарвозасига ҳет-трик йўллади ва катталар футболидаги биринчи мавсумида 20 гол урди. Ёзда «Атлетико» ҳеч иккиланмасдан Фелиш учун 126 миллион евро сарфлади (футболчи учун рақобат кучли эди) ва Симеоне жамоа ўйинини айнан унинг атрофида қуришга киришди.

Лаутаро Мартинес, 22 ёш («Интер»)

Фото: © REUTERS / Daniele Mascolo

Аргентинанинг «Расинг» клубининг собиқ тўпурари Италияга 2018 йил ёзида келганди, аммо у фақатгина 2019 йилнинг февралида, Мауро Икарди раҳбарият билан низолашиб қолгачгина «Интер»нинг асосий таркибига кира олди. Ёзда Мартинес Америка Кубогида Аргентина терма жамоаси сафидаги энг яхши футболчи бўлди. Италия А Сериясининг янги мавсумини эса Лаутаро «Интер»нинг асосий форварди сифатида бошлади. Антонио Конте бошқарувида янада очилган ҳужумчи Чемпионлар лигасида қаторасига тўрт ўйинда рақиблар дарвозасини ишғол этди ва «Интер» тарихидаги бундай натижа кўрсатган тўртинчи футболчига айланди (Креспо, Виери ва Это’одан кейин). Унга Европа грандлари, жумладан, «Камп Ноу»даги ўйинда ундан гол қабул қилиб олган «Барселона» жиддий қизиқа бошлади.

Родриго, 18 ёш («Сантос»/«Реал»)

Фото: © REUTERS / Juan Medina

Испанияга ёзда Бразилиядан келган Родриго тез орада икки нарсани исботлади: у — 2013 йилда Флорентино Перес қўлга кирита олмаган Неймардан кам эмас,; у 2018 йили Мадридга олиб келинган бошқа бир бразилиялик Винисиус Жуниордан яхшироқ. «Сантос»нинг собиқ футболчиси Ла Лигадаги илк голини дебют ўйинида, майдонга тушишидан бир дақиқа ўтар-ўтмас нишонлашга мушарраф бўлди. Чемпионлар лигасида «Галатасарой»га қарши сафар ўйинида эса у ҳет-трикни расмийлаштирди. Ноябрь ойида у биринчи марта Бразилия миллий жамоасига чақирилди, ҳолбуки у ҳали 19 ёшга ҳам тўлмади.

Ансу Фати, 17 ёш («Барселона»)

Фото: © Daisuke Nakashima / AFLO / Global Look Press

Август-сентябрь ойларида Эрнесто Вальверде ҳужум чизиғидаги асосий футболчилар жароҳат олиб сафдан чиққан вақтда асосий таркибга 16 ёшли Ансу Фатини чақиришга мажбур бўлганди. Барчаси кутилганидан аъло бўлди: «Осасуна» билан ўйинда Фати гол урди ва Ла Лига тарихидаги энг ёш гол урган футболчилар рўйхатида учинчи бўлди. Икки ҳафта ўтиб «Барселона» тарбияланувчиси бошланғич таркибда биринчи ўйинини ўтказди ва бир гол уриб, бир голга пас берди. Фахрий ҳужумчилар жароҳатини тузатиб сафга қайтгач, Фати яна ўринбосарлар таркибига қайтди, аммо Вальверде уни вақти вақти билан асосий таркиб заявкасига киритиб турибди.

Бу вундеркинднинг келажаги ҳақида гапиришга ҳали эрта, у ҳали жуда ёш ва ҳали жуда кўп нарса ўзгариб кетиши мумкин. Ҳозирда у ҳақида аниқ айтиш мумкин бўлган гап – унинг техник имкониятлари етакчи футболчи бўлиб етишиши учун етарли. У тўп билан ажойиб ҳаракатлана олади, бир лаҳзада юқори тезлик олиши мумкин, бўш ҳудудларга очилишни билади ва корпус билан яхши ишлайди. Катталар футболида у кутилмаган ҳаракатлари билан барчани ҳайрон қолдирди, «Валенсия» билан ўйинда у дриблинглари билан Васснинг бошини айлантириб ташлади, «Осасуна» билан ўйинда қанотдан узатилган тўпга рақиб жарима майдони марказида очилди (буни ҳеч ким кутмаганди) ва боши билан гол урди, «Интер»га қарши ўйинда узоқ масофадан зарба бериб ғалаба голига муаллифлик қилди. Умуман, унда топ-футболчиларга хос барча хислатлар мужассам.

Минамино, 24 ёш («Зальцбург»/«Ливерпуль»)

Фото: © REUTERS / Francois Lenoir

Мавсум кашфиёти бўлган «Зальцбург» клуби яна бир истиқболли ҳужумчини жаҳон футболига кўз-кўз қилди. Такуми Минамино – аввалига марказий ҳужумчи бўлган ушбу япониялик иқтидор «Зальцбург»даги прессинг мактабида пишди ва қанотлардан марказга тўп билан ёриб ўтишни ўрганди. Чемпионлар лигасида ўз жамоасига қарши ўйинларда уни диққат билан кузатган Юрген Клопп эса унда иккинчи Фирминьони кўрди ва ҳаялламасдан уни арзимаган пул эвазига (унинг шартномасида 7,25 млн фунт миқдоридаги товон пули кўрсатилганди) Англияга олиб келди. 

Ўзбек футболи мухлисларига 2010 йил Тошкентда ўтказилган ўсмирлар ўртасидаги Осиё чемпионати орқали таниш бўлган бу футболчи (ўшанда у турнир тўпурари бўлганди) кейинроқ 2012 йилда «Сересо Осака» клубида катталар футболидаги фаолиятини бошлади, Японияда мавсумнинг энг яхши ёш футболчиси бўлди, 2015 йилда эса «Ред Булл Зальцбург»га келиб, бу ерда 4 йил мобайнида 199 ўйинда майдонга тушди ва 64 голга муаллифлик қилди.

Жорий мавсум Такуми учун ҳар қачонгидан омадли кечмоқда, Австрияда мавсумнинг биринчи қисмида у 14 ўйинда 5 гол уриб, 5 голга ҳаммуаллифлик қилди, Чемпионлар лигасида 6 ўйинда 2 гол уриб, 3 марта шерикларини голли узатма билан таъминлади.

Умуман, мерсисайдликлар уни 2013 йилда, Япониядалигидаёқ кузата бошлаган, Юрген Клоппнинг австрияликлар клуби билан яқин алоқалари бу трансфер ниҳоят амалга ошишига туртки бўлган.

Такуми – тезкор ва жуда ақлли футболчи, у ҳамиша керакли жойда пайдо бўлади. Қолаверса, у жасур, яккакурашлардан қочмайди ҳамда тўп билан жуда яхши муомала қилади, тўпсиз ҳаракатланишда ҳам майдондаги энг яхшилардан бири бўлади – ҳақиқий жамоавий футболчи. У жамоадошлари учун ҳар қандай ишга тайёр.

Альфонсо Дэвис, 19 ёш («Бавария»)

Фото: © Xinhua / ZUMA Press / Global Look Press

Канадиялик футболчи ўтган йилнинг январида «Бавария»га қўшилганидаёқ у келажакда Фрэнк Рибери ва Арьен Роббенга муносиб ўринбосар бўлиши учун олиб келинганини айтишганди. Аммо жароҳатлар туфайли Нико Ковач номинал вингер бўлган футболчини чап қанот ҳимоячиси позициясига қўйишга мажбур бўлди, Дэвис эса топшириқни аъло даражада уддалади. Жорий мавсумда Бундеслигада ҳеч бир футболчи у каби кўп тўпни олиб қўймаган. Альфонсо ҳозирча асосий таркибнинг ажралмас футболчисига айлана олмади, аммо у жамоа билан илк титулларини қўлга киритиб улгурди.

Скотт Мактоминей, 23 ёш («Манчестер Юнайтед»)

Фото: © JON OLAV NESVOLD, / mago-images.de / Global Look Press

Мактоминей фамилияси аввал ҳам «Юнайтед» фанатлари орасида муҳокама қилинган, аммо жорий мавсумга қадар унинг жамоага фойдаси қанчалик улканлиги ҳақида гапиришмасди. Оле-Гуннар Сульшер 23 ёшли яримҳимоячини алмаштириб бўлмас деб атади. У Поль Погбанинг йўқлигини билинтирмади ва жамоанинг асосий етакчисига айланди. Ўтган мавсум билан таққослаганда Мактоминей барча асосий кўрсаткичлар бўйича статистикасини яхшилади: тўпни олиб қўйиш (бир ўйинга ўртача 1 ўрнига 2,4), зарба беришдан аввалги пас (0,1 ўрнига 0,9) ва муваффақиятли алдаб ўтишлар (0,1 ўрнига 1,5 ).

Дани Ольмо, 21 ёш («Динамо» Загреб)

Фото: © Pixsell/MB Media / Contributor / Getty Images Sport / Gettyimages.ru

Испаниялик бу футболчи ноодатий карьерага эга.  «Эспаньол» ва «Барселона» клублари академияларидаги таҳсилдан кейин у ўйин амалиётига эга бўлиш учун 2014 йилда Загребнинг «Динамо» клубига йўл олган. Техникаси кучли, юқори тезликка ва кучли зарбага эга бўлган бу яримҳимоячи 2018 йилда Хорватиянинг энг яхши футболчиси сифатида эътироф этилганди. Жорий мавсумда эса у ўзини жаҳонга танитди, ЕЧЛ гуруҳ босқичида «Сити» дарвозасига йўллаган голидан кейин уни топ-клублар кўз остига олиб қўйди, қолаверса Испания терма жамоасига илк марта чақирув олди. Хорватия чемпионатида 8 ўйинда 2 гол ва 3 голли узатмага, Чемпионлар лигасида эса 5 гол ва 4 голли узатмага (саралаш босқичи қўшиб ҳисобланганда) муаллифлик қилган футболчи йил якунларига кўра Хорватия чемпионатидаги энг яхши ёш футболчи ва энг яхши футболчи сифатида тақдирланди. Бу мавсум у Хорватияда сўнгги мавсумни ўтказаётгани аниқ, умуман у қишдаёқ клубини алмаштириши мумкин - унга «Атлетико», «Барселона», «Арсенал» ва «Тоттенҳэм» каби жиддий клублар қизиқишмоқда.

Ольмонинг трансфер қиймати transfermarkt.de порталига кўра 30 млн еврога баҳоланган.

Лэмпард болалари: Абраҳам (22 ёш), Томори (22 ёш), Маунт (20 ёш)

Одатда футболчи сифатида муваффақият қозонганларнинг мураббийлик фаолияти кўнгилдагидек кечмайди. Лэмпард эса қийин дамларни бошдан кечираётган, трансферлар тақиқига учраган «Челси» бошқарувига келишдан чўчимади. Лондон клуби ўз ички ресурсларидан фойдаланган ҳолда барчани ҳайратга солиб, асосан ёшлардан иборат таркиб билан АПЛнинг кучли тўртлигидан муқим ўрин эгаллади ҳамда ЕЧЛда плей-оффга чиқди. 2019 йилда Лэмпарднинг обрўсига жиддий зарар етиши мумкин эди, аммо «Челси»нинг собиқ сардори вазиятдан омилкорлик билан чиқиб кетди.

Унга бу борада қуйидаги футболчилар ёрдам беришди.

Фото: Michael Regan/Getty Images

Мэйсон Маунт ўтган мавсумда ҳам Лэмпард қўли остида тўп сурган. «Дерби»да у асосий таркибга ўтказилган, у Чемпионшипда тўпурарлик салоҳиятини намойиш этмаган бўлсада, жамоанинг асосий футболчиларидан бирига айланганди. У жамоадошлари учун вазиятлар яратарди (ўртача ҳар ўйинга иккита зарбадан олдинги пас), узоқдан кучли зарбалар берарди, дриблинг ишлатиб тўпни олдинга олиб борар ва керакли жойларда керак вақтда очиларди. Лондонда ҳам шу ишни қилмоқда – фақат энди бошқа даражада. Маунтнинг асосий фазилати: жамоавий ҳаракатни аниқ англаш ва ақл билан бу ҳаракатга мослашиш. Уни чап қанот вингери сифатида ҳам, уч футболчидан иборат яримҳимоя чизиғининг чап қанотида ҳам майдонга тушириш мумкин, у бу ҳолатда ҳам асосий вингер Пулишичга халақит қилмайди. Англиялик футболчиларга хос бўлмаган талант: одатда англияликлар позиция танлашда тартибга амал қилишмайди. Аммо у тартибли ўйнашни Лэмпарддан ўрганган. 

Фото: Michael Regan/Getty Images

Ўтган мавсумда «Дерби Каунти»да Лэмпард қўли остида ўйнаган яна бир футболчи, 21 ёшли Фикайо Томори марказий ҳимоядаги ҳаракатлари билан жамоанинг энг яхши футболчиси сифатида тан олинганди. Кейин у Лэмпард билан бирга қадрдор «Челси»га қайтди ва Рюдигер жароҳат олган вақтда жамоа жонига оро кирди. У Зума билан жуфтликда катта ишларни бажармоқда: рақибни олдинроқда кутиб олади ва яккакурашларга киришади, тўпни ҳужум чизиғига етказиб беради. Аввал жамоада бу вазифани Зума бажарар эди – аммо унинг доимий хатолари Лэмпардни бошқа вариант излашга ундади. Томори қийин вазифани уддалади ва Зума энди энг охирги ҳимоячи ролини бажаришга ўтди.

Томори ҳимоячилар ўртасида рақибдан тўпни олиб қўйиш борасида иккинчи энг яхши кўрсаткични (ҳар ўйинда ўртача 2,3 марта) қайд этмоқда ва ҳимоячилар орасида энг кўп пас бераётган футболчи бўлмоқда (ҳар ўйинда ўртача 79,5). Ноябрь ойида бу ёш футболчи миллий жамоада дебют қилди, декабрда клуб билан янги беш йиллик шартномага имзо чекди.

Тэмми Абраҳам ҳам ўтган мавсумда Чемпионшипда эди. Натижаси: 25 гол, 3 ассист ва ўртача 112 дақиқада битта самарали ҳаракат. АПЛда эса у янада камроқ вақт ичида кўпроқ натижага эришмоқда: 94 дақиқада битта гол ёки голли пас. Аммо сермаҳсуллик – Абраҳамга баҳо беришнинг ягона кўрсаткичи эмас. Унга ҳужумларни якунлашда бўйи баландлиги ҳам устунлик беради (айниқса бош билан ўйнашда). Қолаверса, у топ-ҳужумчи учун керак бўлган бошқа функцияларни ҳам бажармоқда: яхши очилади, ҳужум вақтида ҳимоячиларни олиб кетиб, уларни тўп билан ҳаракатланаётган футболчи «йўлидан олади». Унинг баланд бўйи «Челси» қанотдан узатмалар ошириш орқали ҳам ҳужумни ривожлантириш имкониятини тақдим этади, аммо унинг энг яхши хусусияти вертикал паслар узатилганида офсайд чизиғида очилишдир. Универсаллиги уни жамоанинг алмаштириб бўлмас ҳужумчисига айлантирган: Жиру ёки Батшуайи майдонда у қилаётган ишларнинг фақат бир қисминигина бажариши мумкин.

Мавзуга оид
Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top