Икки ҳафта олдин «Реал» бобокалонларидан бири Хорхе Вальдано клубнинг икки бразилиялик юлдузини солиштириб кўрганди.

«Улар бир-биридан фарқ қилади. Винисиус жисмонан кучлироқ, Родриго эса табиатан истеъдодли. Уларнинг ўхшаш жиҳати – ҳар иккисини ҳам буюк келажак кутмоқда», деганди афсонавий футболчи.

Бироз ажойиб солиштирув, зеро айнан Винисиус ўзини кўпроқ бразилияликларга ўхшаб тутади: финт қилишни ёқтиради, кўпинча шерикларини унутиб қўяди, аксинча, бир ёш кичик бўлган Родриго эса, ҳозирдан каттароқ, тажрибалироқдек кўринади. Ва фақат майдонда эмас.

Родригонинг келиши кутилмаган бўлди, демайлиг-у, 2019/20 йилги мавсум арафасидаги фаол трансфер муҳокамалари орасида сезилмай ҳам қолди. «Погба ёки Эриксен?» саволи Мадридда кўндаланг бўлиб турган пайтда Бразилиядан навбатдаги вингернинг 45 миллион евро эвазига олиб келиниши кўпчиликнинг эътиборини қозонмади ҳам. Айниқса, ўзига хос иқтидор сифатида тилга олинган Винисиуснинг «оддий вазиятларда тўғри қарорлар қабул қила олмаётгани» (бу Бразилия терма жамоаси мураббийи Тетедан иқтибос) фонида у қадар истиқболни кафолатламаётганди. Лекин Мадриддаги «қайта қуриш» кечика бошлади, кейин Асенсио жароҳат олди, Зиданнинг Бэйл билан зиддияти қайтадан бошланди, Азарнинг ортиқча вазни муҳокама мавзуси бўлди. Ана шунда, яъни Зидан ҳар бир футболчини потенциал асосий таркиб ўйинчиси сифатида кўраётган бир паллада Родриго пайдо бўлди. Қаранг-а, у босим остида ҳам ўзини жуда яхши намоён қила олар экан.

18 ёшида «Реал» футболчисига айланган Родриго, дарҳол «Кастильо»га жўнади. Дастлабки ойни жароҳат туфайли ўтказиб юборган футболчи сентябрда резерв жамоа таркибида икки ўйин ўтказгач асосий таркибга қайтди.

Родриго илк бор «Реал» либосини 6-турда, «Осасуна»га қарши ўйинда кийди ва майдонга чиққанидан 93 сония ўтмай гол урди. Голнинг ўзи ҳам ажойиб урилганди – Родриго тўпни олиб бориб, ҳимоячини терс йўналишда доғда қолдирди ва жуда керакли паллада гавдаси билан тўпни тўсиб, уни узоқ бурчакка жойлаб қўйди. 18 ёшли футболчи учун ажойиб техника ва совуққонлик.

Болаликда «Сантос»нинг футзал жамоаси таркибида ўйнаб юрар экан, Родриго ўз кумири сифатида Неймарни танлаганди. Лекин фақат майдонда, майдон ташқарисида эса у Неймарнинг бутунлай тескариси. Жуда кам гапиради ва айтганлари ҳам, кўпинча оддий, матбуот котибларининг фикрларидан фарқ қилмайди.

Бу отасининг хизмати. Ўз вақтида футболчи бўлган Эрик ўғлини оммадан имкон қадар узоқ тутишга ҳаракат қилади, ўзи саволларга жавоб беришга тўғри келганда эса, энг муҳими муваффақиятлардан боши айланиб қолмаслик ҳақида таъкидлайди.

«Менда унинг истеъдоди бўлмаган, лекин узоқ вақт футбол билан шуғуллана олдим. Бу билан мен оғир меҳнатнинг самарасини жуда яхши тушунаман. Ўғлимнинг ҳозирда ўзини хотиржам тутаётгани мени фахрлантиради», – дейди Эрик.