Европа топ-лигаларида трансферлар ойнаси бугун ёпилади. Англия, Испания, Италия, Германия ва Франция клубларида ўз таркибини янги футболчилар билан кучайтириш учун сўнгги соатлар қолмоқда. 1 сентябр куни ҳам воқеаларга бой бўлиши кутилмоқда. Қуйида бугун яна қандай келишувлар амалга ошиши мумкинлиги кўриб чиқилади.

Рандал Коло Муани – «ПСЖ»га

«ПСЖ» ва «Айнтрахт» клублари ўртасида ҳужумчи Коло Муани борасида музокаралар охирги кунга қадар чўзилди. Шу кунларда парижликлар 70 млн евро ва яна 10 млн евро кўринишида бонуслар таклиф қилишганди. Немислар клуби эса Рандал ўрнига «ПСЖ» форварди Уго Экитикени ҳам олишни истамоқда. Томонлар ҳозирча келиша олмаган. Бу вақтда эса Коло Муани «Айнтрахт» машғулотларини бойкот қилмоқда ва ўз трансферига ундамоқда.

«Умид қиламанки, «Айнтрахт» менинг «ПСЖ»га кетишимга йўл қўяди, – деган Рандал. – Мен бу клубдан қарздорман. Мен ҳамиша бор кучим билан ҳаракат қилганман. Аммо ҳеч кимга сир эмаски, «ПСЖ» мен учун рекорд даражада таклиф берди, мен уларга қўшилишни истайман, бу менинг фаолиятим ривожи учун катта имконият».

Жоау Канселу – «Барселона»га

«Барселона» ҳам ёзги трансферлар ёпилиши арафасида таркибини янги футболчилар билан тўлдиришни кўзлаган. Каталонияликлар клубининг Канселуни олиш бўйича «Манчестер Сити» билан музокаралари шу қадар узоқ чўзилдики, худди португалиялик футболчи аллақачон ўзини кўк-анорранглилар сафида ҳис қилмоқда. Бу чиндан ҳам рўй бериши мумкин. Инсайдер Фабрицио Романо «Барса» ва «Ман Сити» футболчини ижарага олиш бўйича келишувга эришгани ҳақида ёзган. Аммо футболчини кейинроқ сотиб олиш мажбурияти ҳақидаги банд бўйича бир тўхтамга келинмаган: инглизликлар шартномада шундай опция бўлишини истамоқда, каталонияликлар эса молиявий фэйр-плей билан муаммо чиқиши мумкинлиги туфайли бунга рози эмас.

Жоау Феликс – «Барселона»га

«Барса» ёз охирида яна бир португалиялик Жоау бўйича фаол музокараларга киришди. «Атлетико» форварди билан боғлиқ ҳолатда ҳам гап ижара шартномаси ҳақида бўлади. Каталонияликлар клуби 2023/2024 йиллар мавсумида унинг хизматларидан фойдаланиш учун 6-7 млн евро тўлаши мумкин. Агар барибир келишувга эришилмаса, Caught Offside маълумотига кўра, футболчи фаолиятини Саудия Арабистонида давом эттиришга мажбур бўлади - унинг Диего Симеоне билан муносабатлари буткул бузилиб бўлган. 23 ёшли футболчининг ўзи ҳам «Атлетико»да қолишни истамайди, унинг келажаги яқин соатлар ичида маълум бўлади.

Ансу Фати – «Брайтон»га

«Барселона»нинг истеъдодли футболчиларидан бири Фати барибир Хави жамоасини тарк этади. Ҳозирча бутунлайга эмас, инглизлар клуби уни сотиб олиш шартисиз ижарага олади. Романонинг инсайдига кўра, Ансунинг ўзи ҳам, каталонияликлар клуби ҳам «Брайтон» таклифини қабул қилган. Вингернинг АПЛга ўтишига инглизлар жамоаси бош мураббийи Роберто Де Дзерби таъсир кўрсатган, у Фатини «Брайтон»да кўришни қаттиқ истамоқда. «Челси» ва «Тоттенҳэм» ҳам 20 ёшли испанияликка қизиқиш билдирганди, аммо бу клублар сўнгги кунларда курашдан чиққанди.