Жаҳон | 13:00 / 05.01.2020
52575
2 дақиқада ўқилади

«Учинчи жаҳон уруши» ҳақидаги ҳэштег АҚШда саросима келтириб чиқарди

Фото: REUTERS/Mohammed Salem

АҚШнинг ҳарбий хизматга чақирув хизмати сайти (Selective Service System, SSS) «ёлғон хабар» сабабли ишламай қолди. Бу ҳақда хизмат твиттерда маълум қилди.  

«Сайтимиз ёлғон хабарлар тарқалиши туфайли трафик ошгач муаммо ҳис қилмоқда», дейилган хабарда.  

АҚШ президенти Дональд Трамп буйруғи билан эронлик генерал Қосим Сулаймоний ўлдирилган, Эрон раҳбарияти генерал ўлими учун ўч олишга ваъда берди ва америкаликлар ўртасида саросима бошланди.

Гап шундаки, твиттерда «Учинчи жаҳон уруши» (#WWIII) ҳэштеги энг оммавий ҳэштеглардан бирига айланди. Саросимага тушган фойдаланувчилар бир кундан камроқ вақт ичида ушбу мавзу бўйича 3 миллионтадан кўпроқ твит қолдиришган.

Одамлар армияга чақирув бошланишидан хавотирга тушиб, оммавий равишда Selective Service System сайтига кира бошлашган. 1973 йилдан бошлаб АҚШ армияси шартнома асосида хизмат қилувчилар ҳисобига тўлдирилади. Бироқ сафарбарлик вақтида баъзи тоифадаги фуқаролар ҳарбий хизматга чақирилиши мумкин ва уларнинг рўйхати чақирув хизмати сайтида эълон қилинади.

Мавзуга оид