Ўзбекистон | 08:28 / 09.01.2020
28580
3 дақиқада ўқилади

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс янги модда билан тўлдирилади

“Атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартиш киритилади.

Муҳокама учун эълон қилинган ҳужжат лойиҳасига кўра, Ўзбекистон Республикасининг 1994 йил 22 сентябрда қабул қилинган 2015-ХII-сонли Қонуни билан тасдиқланган Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс қуйидаги мазмундаги 55-1-модда билан тўлдирилади:

 “55-1-модда. Атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги нормалар ва қоидаларни бузиш

 Атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги нормалар ва қоидаларни бузиш - фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан ўн беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса – йигирма беш бараваридан ўттиз бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса - фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн беш бараваридан йигирма бараваригача, мансабдор шахсларга эса – ўттиз бараваридан ўттиз беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.”.

260-модда қуйидаги таҳрирда баён қилинади:

“260-модда. Ўзбекистон Республикаси Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасининг органлари

Ўзбекистон Республикаси Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасининг органларига ушбу Кодекснинг 55, 55-1-моддаларида, 70-моддасида (ер қаъридан фойдаланишда ишларни олиб бориш хавфсизлиги қисмида), 97, 97-1, 98-моддаларида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар тааллуқлидир.

Ўзбекистон Республикаси Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси органлари номидан маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишга ва жарима солиш тариқасидаги маъмурий жазо чорасини қўллашга қуйидагилар ҳақли:

Давлат қўмитаси раиси ва унинг ўринбосарлари - базавий ҳисоблаш миқдорининг ўттиз беш бараваригача миқдорда;

департамент бошлиғининг ўринбосарлари - базавий ҳисоблаш миқдорининг ўттиз бараваригача миқдорда;

департамент бошқармалари ва бўлимлари бошлиқлари - базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма беш бараваригача миқдорда;

инспекцияларнинг бошлиқлари ва уларнинг ўринбосарлари - базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваригача миқдорда;

кон-техник инспекцияларининг ва ҳудудий бошқармаларнинг бошлиқлари ҳамда уларнинг ўринбосарлари - базавий ҳисоблаш миқдорининг етти бараваригача миқдорда;

давлат инспекторлари - базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваригача миқдорда.”.

Мавзуга оид