Ўзбекистон | 21:53 / 18.05.2026
1929
3 дақиқада ўқилади

Сотувчи харидорнинг қонуний талабини бажармаса, электрон платформа зиммасига ҳам масъулият юкланади

Олий Мажлис Сенатининг навбатдаги мажлисида электрон тижорат, болалар ва хотин-қизлар ҳуқуқлари, суд тизими, наркожиноятлар ҳамда маҳаллий кенгашлар фаолиятига оид бир қатор қонунлар маъқулланди.

Фото: Олий Мажлис Сенати

Сенаторлар муҳокамасидан ўтган энг муҳим ҳужжатлардан бири электрон тижорат соҳасини тартибга солишга қаратилган қонун бўлди. Унга кўра, электрон савдо операторлари истеъмолчи олдида субсидиар жавобгарликка эга бўлади. Яъни сотувчи харидорнинг қонуний талабини бажара олмаса, масъулият электрон платформа зиммасига ҳам юкланади. Шунингдек, трансчегаравий электрон тижорат, рақамли маҳсулотлар экспорт-импорти ва онлайн тўловларни тартибга солувчи янги нормалар жорий этилмоқда.

Ялпи мажлисда болалар ва хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид қонун ҳам маъқулланди. Ҳужжат билан илк бор «боланинг энг устун манфаатлари» тушунчаси қонунчиликда мустаҳкамланмоқда. Энди бола билан боғлиқ ҳар қандай масалада унинг фикрини эркин билдириш ҳуқуқи инобатга олинади.

Бундан ташқари, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган аёллар манфаатларини ҳимоя қилиш ваколатлари кенгайтирилди. Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигига жабрланувчилар номидан судларга давлат божи тўламасдан мурожаат қилиш ҳуқуқи берилди. Зўравонликдан жабрланиб махсус марказга жойлаштирилган шахсларга вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақаси берилиши ҳам назарда тутилмоқда.

Шунингдек, вояга етмаганлар иштирокидаги маъмурий ишларни кўришда педагог ёки психологнинг қатнашиши мажбурий бўлади. Суд тизимида эса «рад қилиш» ва «ўзини ўзи рад этиш» институти жорий қилинмоқда.

Ялпи мажлисда наркожиноятларга қарши жавобгарликни кучайтиришга оид қонун ҳам маъқулланди. Энди ғайриқонуний нарколаборатория ташкил этганлик учун алоҳида жавобгарлик белгиланади. Интернет орқали гиёҳванд моддаларни тарғиб қилиш ёки тарқатиш оғирлаштирувчи ҳолат сифатида баҳоланади. Таълим муассасалари ва ётоқхоналарга яқин ҳудудларда содир этилган наркожиноятлар учун жазолар кучайтирилмоқда.

Суд тизимига оид яна бир муҳим янгилик — фуқаролар ва тадбиркорларга исталган ҳудуддаги маъмурий ёки иқтисодий судга мурожаат қилиш имконини берувчи экстриториал судлов тартиби жорий этилади. Шунингдек, давлат органлари мансабдорининг суд мажлисида иштирок этиши мажбурий бўлади.

Маҳаллий кенгашлар фаолиятига оид қонун билан эса «Кенгаш соати» институти жорий этилмоқда. Қонун билан депутатлар ҳудуддаги долзарб муаммолар юзасидан мансабдорларнинг ҳисобот ва жавобларини эшитиши мумкин бўлади. Шунингдек, маҳаллий кенгашларда раис ўринбосари лавозими ва Раёсат институти ташкил этилмоқда.

Бундан ташқари, сенаторлар электрон тижорат, рақамли маркировкалаш, маданий мерос, ЖСТ талабларига мос фитосанитария нормалари ҳамда ноқонуний қурилган кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни тан олиш тартибини соддалаштиришга оид бир қатор қонунларни ҳам маъқуллади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид