ССВ: Энди «Тез ёрдам»ни махсус мобил илова орқали ҳам чақириш мумкин
Бугун, 10 январь куни Тошкент шаҳар тез тиббий ёрдам станциясига 150та замонавий «Ford» русумидаги реанимобиллар топширилди.
«Эндиликда пойтахт аҳолисига кўрсатилаётган тез тиббий ёрдам хизмати сифати ва самарадорлиги тубдан такомиллашади.
Шу ўринда айтиш керакки, бугунги кунда пойтахт аҳолисига 179та тез ёрдам бригадалари тиббий хизмат кўрсатмоқда. Тизимда қарийб 900 нафар малакали шифокор, 1244 нафар фельдшер ва ўрта тиббиёт ходимлари фаолият юритяпти. Айни пайтгача пойтахтимиз аҳолисига тез тиббий ёрдам кўрсатишда «Nissan», «Hunday», «Toyota» русумли махсус автотранспортлардан ҳам фойдаланилаётган эди. Эндиликда улар қаторига янги «Ford» реанимобиллари қўшилгани тиббий хизмат сифатини янада юқори, янги босқичга кўтаришда муҳим қадам бўлади.
Айтиш керакки, жаҳон тиббиётининг энг сўнгги тиббий технологиялари билан жиҳозланган «Ford» реанимобиллари чақириқни қабул қилишдан тортиб, манзилга етиб бориш, биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш, зарур ҳолатларда беморни шифохонага етказишда қатор қулайликларга эга. Бу машиналарнинг салони кенг ва шинам, унда замонавий ЭКГ, ИВЛ, дефибрильятор, сўрғич, кислород системаси ва бошқа замонавий тиббий асбоб-ускуналар, дори қутисида тез тиббий ёрдам кўрсатиш учун зарур бўлган барча турдаги дори-дармонлар бор.
Яна бир қулайлиги, «Ford»ларда энг сўнгги русумдаги алоқа воситалари ҳам ўрнатилган. Бу имконият марказдаги диспетчерлик пунктида туриб машинанинг жойлашув нуқтасини, йўллардаги ҳаракатини ва машина салонида тиббий ёрдам кўрсатиш жараёнини бевосита кузатишга замин яратади. Эндиликда чақириққа отланган «тез ёрдам»нинг йўлларда тирбандликка дуч келиши, унга йўл берилмаслиги ҳолатлари ҳам машинага ўрнатилган алоқа воситалари хотирасига муҳрланади.
Ушбу автоматлаштирилган тез тиббий ёрдам хизмати бошқарув тизими Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамкорлигида жорий этилди. Аҳамиятли жиҳати, ушбу инновацион тизим тез тиббий ёрдам сифатини янада ошириш, уни автоматлаштириш ҳамда такомиллаштиришга хизмат қилади. Жумладан, мазкур тизимнинг жорий этилиши орқали мурожаатларни қабул қилиш ва рўйхатга олиш, тегишли тез тиббий ёрдам станциялари бригадаларига йўналтириш ҳамда чақириқ манзилига етиб бориш вақтини кескин камайтиради.
Ушбу янги тизим чақириқларни нафақат стационар ва мобил телефон воситаси орқали, балки махсус мобил илова орқали ҳам чақириш имконини яратади. Ҳатто ногиронлиги бўлган шахслар ҳам ушбу илова орқали мустақил равишда чақириқ бериш имконига эга бўлади. Диспетчер саноқли сониялар ичида чақириқни компьютерда тўлиқ қайд қилади ва компьютер тизими автоматик равишда ушбу чақириқни чақириқ жойига энг яқин бўлган бўш бригадага узатади. Тизимга интеграция қилинган GPS-геолокация функцияси ҳар бир бригаданинг қаерда жойлашганини ва статусини кўрсатиб туради.
Бу тизим автоматик равишда дори воситалари, тиббий буюмлар ва ёнилғи сарфини ҳам қайд қилиб боради. Белгиланган вақт ичида бажарилган чақириқлар, уларнинг турлари, беморлар ҳақидаги кўплаб статистик маълумотларни автоматик равишда жамлаб боради. Ушбу йиғилган ахборотлар кейинчалик таҳлилий маълумот сифатида шошилинч ҳолатларда тез ва тўғри қарор қабул қилиш жараёнида фойдаланилади.
Мазкур тизим имкониятлари Россия, АҚШ, Европа давлатлари ва Хитой каби қатор мамлакатларэкспертлари томонидан синовдан ўтказилиб, замонавий талабларга тўлиқ жавоб бериши тасдиқланган», дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарида.
Мавзуга оид
18:53 / 30.07.2024
Мактаб ўқувчилари ва боғча тарбияланувчиларининг тўртдан бир қисмида турли касалликлар аниқланди
11:28 / 22.07.2024
Никоҳланувчилар қандай тиббий кўриклардан ўтиши керак?
17:25 / 20.07.2024
Дунё бўйлаб вабо тарқалиш хавфи жуда юқори баҳоланмоқда
19:59 / 09.07.2024