Ўзбекистон | 08:28 / 17.01.2020
7311
2 дақиқада ўқилади

Очилбой Раматов Сирил Мюллер билан учрашди. Жаҳон банки Ўзбекистонда аэропортлар модернизацияси лойиҳаларида иштирок этади

Фото: Транспорт вазирлиги ахборот хизмати

Жорий йилнинг 16 январь куни Ўзбекистон бош вазирининг биринчи ўринбосари – транспорт вазири Очилбой Раматов мамлакатга ташриф буюрган Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиё давлатлари бўйича вице-президенти Сирил Мюллер бошчилигидаги делегация аъзолари билан учрашди.

Транспорт вазирлиги хабарига кўра, учрашувда Ўзбекистон билан Жаҳон банки ўртасидаги узоқ муддатли ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, мамлакатда ушбу банк билан ҳамкорликда устувор тармоқларда амалга оширилиши режалаштирилган лойиҳалар муҳокама қилинди.

Хусусан, Жаҳон банки билан ҳамкорликда транспорт инфратузилмалари аэропортлар, автомобиль йўллари қурилиши ва реконструкция қилиниши бўйича лойиҳаларни амалга ошириш масалаларига тўхталиб ўтилди. 

Сирил Мюллер Жаҳон банки шу вақтга қадар Ўзбекистонда асосан автомобиль йўллари қурилиши соҳасидаги лойиҳаларни амалга оширишга молиявий кўмак кўрсатиб келганини таъкидлаб ўтди. У Жаҳон банки ҳозирда Ўзбекистонда аэропортлар инфратузилмасини модернизациялаш бўйича лойиҳаларни амалга оширишда иштирок этишга тайёрлигини маълум қилди. 

Бош вазир биринчи ўринбосари – транспорт вазири Очилбой Раматов бугунги кунда Жаҳон банки иштирокида мамлакатда 40дан ортиқ лойиҳалар амалга оширилаётгани, қолаверса, фуқаро авиациясини тубдан такомиллаштириш бўйича ислоҳотларни амалга оширишда Жаҳон банки гуруҳи билан ҳамкорликдаги ишлар давом эттирилишини айтиб ўтди.   

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид