Жаҳон банки Ижрочи директорлар кенгаши Жаҳон банки таркибига кирувчи Халқаро тараққиёт ассоциациясининг (ХТА) Ўзбекистонга имтиёзли молиялаштириш шаклида 150 млн доллар ажратилишини маъқуллади. Бу ҳақда банк матбуот хизмати хабар берди.

Маблағлар «Қишлоқ инфратузилмасини ривожлантириш» дастурининг иккинчи босқичини амалга оширишга йўналтирилади. Ушбу дастур мамлакатнинг олтита вилоятидаги қишлоқ ҳудудларида жамоат инфратузилмаси ва хизматлар сифатини яхшилашга хизмат қилади.

«Ўзбекистоннинг 38 миллионлик аҳолисидан қарийб ярми қишлоқ жойларда истиқомат қилади. Бироқ кўплаб қишлоқлар ҳанузгача сифатли йўллар, мактаблар, тиббиёт муассасалари, шунингдек, сув ва электр таъминоти хизматларидан фойдаланишда ишончли имкониятга эга эмас. Ушбу камчиликлар маҳаллий ишбилармонлик муҳити, тадбиркорликни ривожлантириш ва янги иш ўринлари яратишни ҳам чеклаб қўймоқда.  Ушбу муаммоларни ҳал этиш учун Ўзбекистон ҳукумати 2019 йилда Жаҳон банкининг ХТУ (100 миллион доллар) ва Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки (82 миллион доллар) молиявий кўмагида «Қишлоқ инфратузилмасини ривожлантириш» дастурини амалга оширишни бошлаган эди. Дастур 2026 йилнинг июн ойида якунланишига қадар, унинг доирасида Андижон, Фарғона, Наманган, Жиззах ва Сирдарё вилоятларининг қишлоқ туманларидаги 306 та маҳаллада 900 дан ортиқ сублойиҳалар молиялаштирилди», — дейилади хабарда.

Ушбу сублойиҳалар, хусусан, 340 дан ортиқ йўллар, 220 та электр таъминоти тизими, 160 та сув таъминоти тизими, 100 га яқин мактаб, 40 та мактабгача таълим ташкилоти ва 10 та кўприкни қуриш ёки модернизация қилиш ишларини ўз ичига олган. Алоҳида таъкидланишича, ушбу яхшиланишлар умумий ҳисобда 1 миллионга яқин қишлоқ аҳолисига тўғридан-тўғри фойда келтирди, уларнинг ярмини хотин-қизлар ташкил этди.

Шу билан бирга, Жаҳон банки инфратузилмани ривожлантириш бўйича сублойиҳаларни танлаб олиш ва уларнинг амалга оширилишини назорат қилиш бевосита маҳаллий аҳоли томонидан, маҳаллани ривожлантириш гуруҳлари орқали амалга оширилишини қайд этди. Бундай гуруҳлар иштирокчиларининг камида 50 фоизини аёллар ташкил этади. «Қишлоқ инфратузилмасини ривожлантириш» дастури иккинчи босқичининг умумий бюджети 340 млн долларни ташкил этади. Дастур Жаҳон банки (150 млн доллар), ОИИБ (120 млн доллар) ва Ўзбекистон ҳукумати (70 млн доллар) томонидан молиялаштирилади.

Дастур Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан Андижон, Фарғона, Наманган, Жиззах, Сирдарё ва Тошкент вилоятларидаги 296 та маҳаллада амалга оширилади. Жаҳон банки томонидан молиялаштириш маблағлари аниқ натижаларга ва дастур ижросининг асосий босқичларига эришилишига қараб траншлар шаклида ажратиб борилади. Дастур 2031 йилга бориб транспорт инфратузилмаси, ичимлик суви ва электр таъминоти тармоқлари ҳамда бошқа объектларни ривожлантиришга киритиладиган инвестициялар ҳисобига олтита вилоят маҳаллаларида жамоат инфратузилмаси ва хизматлар сифатини яхшилашга хизмат қилиши кутилмоқда. Ушбу ўзгаришлардан қарийб 1,2 млн қишлоқ аҳолиси, жумладан, 600 минг аёллар ва 300 минг ёшлар наф кўради.