Жамият | 22:08 / 21.01.2020
5696
2 дақиқада ўқилади

Янгийўлда 45 миллион сўмлик кучли таъсир қилувчи моддаларни сотишни режалаштирган шахс қўлга олинди

Тошкент вилояти ИИББ Жиноят қидирув бошқармаси тезкор ходимлари томонидан 9 январь куни Янгийўл шаҳрида ўтказилган тадбирда фуқаро З.Т. қўлга олиниб, ундан тахминий нархи 45 миллион сўмлик жами 80 та конвалютада 1 120 дона «Регапен» ҳамда 250 қути «Тропикамид» кучли таъсир қилувчи моддалар ашёвий далил сифатида олинган. Бу ҳақда ИИББ Ахборот хизмати хабар берди.

Хабарда айтилишича, тезкор тадбир давомида Самарқанд вилояти Булунғур туманида рўйхатда туриб, вақтинча Янгийўлда яшаётган, хусусий дорихона иш бошқарувчиси З.Т. яшаш хонадони олдида холислар иштирокида кўздан кечирилганида, қора рангли чарм сумка ва полиэтилен пакет ичида 40 та конвалютанинг ҳар бирида 14 донадан жами 560 дона «Регапен» ва 175 дона «Тропикамид» кучли таъсир қилувчи моддаларни сотиш мақсадида сақлаб юрганлиги аниқланиб, ушланган.

Олиб борилган суриштирув давомида, у дори воситаларининг бир қисмини вақтинча яшаб турган уйида сақлаб келаётганлигини маълум қилган. Шундан сўнг унинг хонадонидан яна 40 та конвалютанинг ҳар бирида 14 донадан жами 560 дона «Регапен» ва 75 дона «Тропикамид» кучли таъсир қилувчи моддалар ашёвий далил сифатида олинган.

Мазкур ҳолат юзасидан З.Т.га нисбатан Жиноят кодексининг 251(1)-моддаси «Кучли таъсир қилувчи ёки заҳарли моддаларни қонунга хилоф равишда муомалага киритиш» 3-банди билан жиноят иши қўзғатилган.

Мавзуга оид