Шу кунларда ижтимоий тармоқлар орқали давлат санитария-эпидемиология назорати марказлари ходимларининг оммавий равишда ишдан озод этилаётгани ҳақида хабарлар тарқалмоқда. Ишсиз қолаётган минглаб фуқаролар бу ҳолатдан норози бўлиб, турли ташкилотларга шикоят аризалари билан мурожаат йўллашмоқда.

Kun.uz Санитария-эпидемиология назорати хизмати ходимларининг норозилиги ва эътирозларига сабаб бўлган омиллар билан қизиқди.

Аввало шуни қайд этиш керакки, президентнинг 2019 йил 9 сентябрдаги ПФ-5814-сонли фармонига мувофиқ, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Санитария-эпидемиология назорати хизмати ташкилотлари ва уларнинг ҳудудий бўлинмалари негизида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси ва унинг ҳудудий бўлинмалари, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида эса Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги ташкил этилган эди.

Мазкур фармонга асосан, 2020 йил 1 апрелга қадар санитария-эпидемиология назорати хизматлари ходимлари сонини 7 минг штат бирлигига босқичма-босқич мақбуллаштириш ва штат бирликларининг бир қисмини Давлат инспекциясига бериш вазифаси юклатилган.

Янги ташкил этилган агентлик матбуот хизмати ходимининг маълум қилишича, фармон ижросини таъминлаш мақсадида тизимда мавжуд бўлган 6736та штат бирликлари қисқартирилиши белгиланган.

Шунга кўра, қисқаришга тушган мазкур штат бирликларида банд бўлиб турган ходимлар билан меҳнат муносабатлари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда бекор қилиниш жараёнлари бошланган.

Изоҳда айтилишича, ишдан бўшатилаётган ходимларнинг меҳнат ҳуқуқлари тўла таъминланиши учун Молия вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси билан ҳамкорликда тегишли чора-тадбирлар ишлаб чиқилган.

Шу ўринда, штатлар қисқариши муносабати билан меҳнат шартномаси бекор қилинган ҳолларда ходимнинг ҳуқуқлари ва иш берувчининг мажбуриятлари борасида қонун ҳужжатларида белгиланган тартиб-қоидалар ҳақида қисқача тўхталиб ўтишни лозим топдик.