Ўзбекистон | 20:11 / 22.01.2020
3571
5 дақиқада ўқилади

Бизнес-омбудсман: тадбиркор учун энг муҳим нарса уни эшитиш ва амалий ёрдам беришдир

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил - бизнес-омбудсман 2019 йил мобайнида зиммасидаги вазифаларни қай даражада уддалади, ишбилармонларни қўллаб-қувватлаш борасида қандай натижаларга эришди? Қуйида бизнес-омбудсман фаолиятининг бир неча асосий йўналишлари бўйича бажарилган ишлар хусусида маълумот беришга ҳаракат қилдик.    

Ўтган йили ташкилотимизга тадбиркорлардан жами 3 202 та мурожаат келиб тушди. 2 706 та шикоятда кўтарилган масалалар ечимини топди. Мурожаатларнинг 33 фоизи маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қарорлари (хатти-ҳаракатлари), 12,3 фоизи ер ажратиш, 12 фоизи назорат қилувчи органлар, 10 фоизи банклар фаолияти, 7 фоизи солиқ соҳасига оид қонун ҳужжатлари,  6,3 фоизи суд қарорлари ва уларнинг ижроси билан боғлиқ, шунингдек, қолган 19,4 фоизида бошқа турли йўналишдаги масалалар баён этилган. Тадбиркорларнинг қонуний ҳуқуқларини тиклаш юзасидан 134 та тақдимнома, 11 та хулоса, 66 та огоҳнома ва 138 та маъмурий баённома расмийлаштирилиб, судларга юборилган. Таъсир чоралари натижасида мансабдор шахсларнинг 203 нафари интизомий, 114 нафари маъмурий жавобгарликка тортилди, давлат органлари ва ташкилотлари томонидан ноқонуний қабул қилинган 211 та қарор бекор қилинди.

Шу ўринда бир мисол келтирамиз. "TURON HOUSE" хусусий корхонаси қурилиш объекти ноқонуний тўхтатилганидан норози бўлиб бизнес-омбудсманга шикоят қилганди. Аниқланишича, Хоразм вилояти қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекцияси томонидан "TURON HOUSE" хусусий корхонасига 2018 йил 8 сентябрда қурилиш-монтаж ишларини бажаришга берилган рухсатномани 2019 йил  7 мартдан ноқонуний тўхтатиш бўйича кўрсатма киритилган.

Шу боис Хоразм вилояти қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекциясининг кўрсатмасини бекор қилиш бўйича қурилиш вазирлигига тақдимнома киритилди. Ушбу ҳужжатга мувофиқ Хоразм вилояти қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекциясининг 2019 йил 7 мартдаги 15-сонли кўрсатмаси бекор қилинди ва "TURON HOUSE" хусусий корхонасига қурилиш ишларини давом эттиришга рухсат берилди.

Шунингдек, судларга тадбиркорлар манфаати ифодаланган 76 та 22,6 млрд. сўмлик даъво аризалари, назорат қилувчи органлар ва маҳаллий давлат ҳокимияти идоралари қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги аризалар киритилди. 21 млрд. сўмлик даъво аризалари хусусий сектор вакиллари фойдасига ҳал этилди, 18 та ноқонуний қарор ҳақиқий эмас деб топилди. Қолган аризалар ҳам тегишли ташкилотлар томонидан кўриб чиқиляпти.

Мисол учун, Тошкент шаҳрида фаолият кўрсатаётган "TABASSUM MIR" МЧЖга тегишли бўлган 1 млрд. 200 млн. сўмлик бино давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун мулк ўрнига компенсация тўловлари тўланмасдан бузилган. Мазкур ҳолат бўйича Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил томонидан "TABASSUM MIR" МЧЖ фойдасига Тошкент шаҳар ҳокимлигидан 1 млрд. 200 млн. сўм компенсация ундириш ҳамда ер майдони ажратиш мажбуриятини юклаш юзасидан Тошкент туманлараро судига даъво аризаси киритилди. Мазкур талаб суд томонидан тўлиқ қаноатлантирилди.

2016-2019 йилларда импорт қилинган технологик ускуналардан фойдаланиш ҳолати жойларга чиқилиб, ўрганилди ва 453 та тадбиркорлик субъектида хориждан келтирилган дастгоҳларни ишга тушириш борасида муаммолар борлиги аниқланди. 420 корхонада шу йўналишдаги қийинчиликлар бартараф қилинди.  

Ўтган йили назорат қилувчи органлар томонидан жисмоний ва юридик шахсларнинг қонун бузилиши ҳолатлари ҳақидаги мурожаатлари асосида жами 1 248 та хусусий корхонада текширув ўтказиш бўйича буюртмалар келиб тушган. Улардан 719 таси

(58 фоизи) келишилган ва 529 таси (42 фоизи) текширув ўтказиш учун етарли асослар мавжуд бўлмагани сабабли рад этилди.

Ўзбекистонда 2019 йилнинг 1 декабрь ҳолатига 761 248 нафар тадбиркор рўйхатга олинган бўлиб, бизнес-омбудсман манфаатдор ташкилотлар билан ҳамкорликда ишини тўхтатган 47 304 нафар тадбиркор фаолиятини тиклашга эришди.

Дилмурод Касимов,
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги
Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний
манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил - Бизнес-омбудсман.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид