Жаҳон | 15:20 / 22.01.2020
5869
1 дақиқада ўқилади

Францияда норозилик сифатида энг катта ГЭС фаолияти тўхтатилди

Фото: placegrenet.fr

Ҳукумат таклиф қилган пенсия ислоҳотига норозилик сифатида Франциядаги энг қудратли Grand'Maison гидроэлектростанцияси фаолияти тўхтатиб қўйилди.

BFMTV телеканалининг маълумот беришича, Изер департаменти ҳудудида жойлашган ГЭС душанба куни ишлашдан тўхтаган.

"CGT ислоҳот лойиҳасига қарши чиққан ҳолда электр ишлаб чиқариш ва тақсимлаш соҳасидаги норозилик акцияларини давом эттиради. Ушбу акцияни ўтказиш қарори норозилик билдираётган ходимлар йиғилишида қабул қилинган", - деб хабар бермоқда телеканал.

Мазкур ГЭСнинг лойиҳавий қуввати 1800 мегаваттни, яъни Францияда Électricité de France (EDF) компанияси фойдаланаётган барча ГЭСлар қувватининг 9 фоизини ташкил этади.

Францияда бешинчи декабрь куни ҳукумат эълон қилган пенсия ислоҳотига қарши умуммиллий иш ташлаши бошланди. Иш ташлашлар натижасида мамлакатда жамоат транспорти фаолияти издан чиқди. Пенсия ислоҳоти тўғрисидаги қонун лойиҳаси февралда Франция парламентига кўриб чиқиш учун тақдим этилади.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид