20:47 / 22.01.2020
0
8467

Илк бор япон тилидаги ҳуқуқшунослик дарслиги ўзбек тилига таржима қилинди

Бундан бирмунча вақт муқаддам Тошкент давлат юридик университети ва Япониянинг Нагоя иқтисодиёт университети ўқитувчилари япон тилида ёзилган ҳуқуқшуносликка оид китобларни ўзбек тилига таржима қилишни бошлашган эди.

Ўзбекистон томонидан ТДЮУнинг Халқаро ҳуқуқ ва инсон ҳуқуқлари кафедраси ўқитувчиси Аҳаджон Ҳакимов, Япония томонидан эса Нагоя иқтисодиёт университетининг ўзбекистонлик профессори Алишер Умирдинов бошчилик қилаётган ушбу лойиҳа 10дан ортиқ ҳуқуқшуносликка оид муҳим адабиётларни қамраб олган.

Таржима учун немис, француз ёки инглиз тилидаги китоблар эмас, айнан япон тилидаги китобларнинг танлангани ҳам бежиз эмас. Осиё давлатлари орасида энг ривожланган давлат сифатида эътироф этиладиган кунчиқар юрт – Япония чет эл ҳуқуқи ва ўз одатларини омухталаштирган ҳолда ажойиб ҳуқуқ тизим мўъжизасини бутун дунёга намоён этди. Ҳозирда Япония ҳуқуқ тизими ва ушбу соҳадаги илмий ишлар бўйича дунёда олдинги ўринларда туради. Ҳар йили ҳуқуқ профессорлари ва амалиётчилар томонидан юзлаб эмас, балки минглаб китоблар ёзилади ва сотувга чиқарилади.

Ўзбекистонда янги авлод китобларига эҳтиёж борлиги сабаб ёш олимлар халқаро ҳамкорлик ўлароқ япон тилида ёзилган китобларни ўзбек тилига таржима қилиш ишига 2018 йилда старт беришди. Нагоя иқтисодиёт университетининг ҳомийлиги билан амалга оширилган ушбу лойиҳа доирасида Японияда кўзга кўринган ҳуқуқшунос Ито Макото томонидан ёзилган 8 томлик «Ҳуқуқ соҳаларига кириш» китобини биринчи бўлиб таржима қилишга қарор қилинди.

«Ҳуқуқ фанига кириш» китоби япон тилидан ўзбек тилига таржима қилиниб, Ўзбекистонда 1000дан зиёд нусхада чоп этилди. Улардан 300 нусхасини Тошкент давлат юридик университети, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатияси университети ва бошқа вилоятлардаги университетларга совға қилиш режалаштирилган.

Тез орада китоб эркин нархда Тошкентнинг китоб дўконларига чиқарилади.

Лойиҳа иштирокчилари 2020 йилда Ито Макото китоблари туркумидан «Конституциявий ҳуқуққа кириш», «Маъмурий ҳуқуққа кириш», шунингдек Япониянинг халқаро ҳуқуқ ва халқаро хусусий ҳуқуқ соҳасидаги таниқли профессорлари жамоаси томонидан ёзилган «Визуал халқаро ҳуқуқ», «Халқаро хусусий ҳуқуқ» китобларини таржима қилишни режалаштиришган.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top