Спорт | 13:23 / 22.01.2020
36114
7 дақиқада ўқилади

Ярим финал олдидан: Энг яхши ҳужум энг яхши ҳимояга қарши. Ростдан ҳам шундайми?

Opta таҳлиллари ёрдамида жамоаларнинг кўрсатаётган ўйинларини баъзида натижадан мустақил равишда ўрганиш имконияти бор. Масалан, жамоа томонидан яратилган вазиятлар хавфлилик даражаси бўйича маълум қоидаларда коэффициентга айлантирилади. Дарвозагача масофа, зарба ижро этиш қулайлиги, тўсиқлар каби факторлар ёрдамида вазиятларнинг хавфлилик даражаси аниқланади. Мисол учун, узоқ масофадан берилган зарба жамоага 1 гол олиб келиши мумкин, лекин xG жадвалида унинг коэффициенти нари борса 0,2 бўлиши мумкин. Пенальти ҳали гол эмас, лекин автоматик тарзда 0,75 коэффициентга эга ҳисобланади.

Сезганингиздек, бундай таҳлиллар жамоа ўйинига максимал тарзда аниқроқ баҳо бериш, омад, рақиблар хатоси каби омилларни имкон қадар эътиборга олмасликни тақозо қилади. Мураббийлар, экспертлар ёки мухлислар учун ҳам яхши қўлланма.

Хуллас, мана шундай таҳлиллар ёрдамида йўлга чиқадиган бўлсак, бугун, U23 Осиё чемпионатидаги илк ярим финал баҳсида энг яхши ҳужум ва энг яхши ҳимоя чизиғи ўзаро рўбару келар экан. Айнан юқоридаги тизим ёрдамида тузилган жадвалда «кутилган голлар», яъни голга тортадиган вазиятлар бўйича энг кўп коэффициентни айнан Ўзбекистон U23 жамоаси қайд этган экан.

Кўриб турганингиздек, ўзбекистонлик футболчилар 7,8 коэффициент йиғишган ва реализация борасида ҳам ёмон эмас - 9 гол. Ўзбекистон нафақат гол уриш бўйича, балки голга тортадиган вазиятлар яратиш бўйича ҳам турнирда энг яхши натижани кўрсатмоқда. Бу борада бугунги рақибнинг кўрсаткичлари ҳам ёмон эмас – Саудия Арабистони турнирда атиги 4 гол урган бўлса-да, 6,4 кўрсаткич билан, бу жадвалда 3-ўринни эгаллаб турибди (иккинчи ўриндаги Эрон нега мусобақани гуруҳ босқичидан тарк этганига биргина изоҳ бор – имкониятлардан фойдалана олмаслик).

Энди яна бир муҳим жадвалга эътиборингизни қаратамиз. Бунда юқоридаги таҳлилнинг тескариси, яъни жамоанинг ўз дарвозаси олдида рақибга қўйиб берган хавфли вазиятлар бўйича. Юқорида тилга олинган мисолдагидек, жамоа бир ўйинда уч марта узоқ масофадан берилган ажойиб зарбалардан сўнг, голлар ўтказиб юбориши мумкин, лекин ҳимояда аслида ҳаммаси яхши бўлади. Ёки бир жамоа ўз дарвозаси олдида кўп имконият бериб юборади, лекин рақибнинг нўноқлиги вазиятнинг голсиз якунланишига сабаб бўлади.

Саудия Арабистони турнирда энг кам – атиги бир гол ўтказиб юборди. Бу уларнинг ҳимояда жуда кучли эканидан дарак. Ўтказилган 1 гол бу фаразни илгари сурса, қуйидаги жадвал исботлаб ҳам беради.

Тўрт ўйинда Саудия Арабистони рақибларга умумий 0,9 коэффициентда голга тортадиган вазият яратиш имконини берган, холос. Бу бир ўйинга ўртача 0,25’дан ҳам паст, Европанинг ҳимоя борасидаги энг яхши жамоалари, масалан, «Ливерпуль» ҳам бу кўрсаткичдан баландда юради. Мана шундай интизомли ва тартибли ўйин билан ярим финалга етиб келиш, Саудия Арабистонининг асосий қуроли албатта, мана шу бетон ҳимоя эканидан ҳам далолатдир. Ўзбекистоннинг ҳимоя чизиғи, визуал қарашда ҳам яққол сезилади – кўп хато қиляпмиз. 4,3 коэффициент билан биз ярим финалнинг бу борадаги энг ёмон жамоасимиз.

Демак, хулоса қилиш мумкинки, бугун ҳимояда энг ишончли ҳаракат қиладиган жамоага қарши ўйнаймиз. Иккинчидан, бизнинг ҳимоя у қадар ишончли эмас ва ўтказиб юборилган гол вазифани янада қийинлаштириб юборади. Саудия ўзи учун керакли пайтда қандай ҳимояланишни жуда яхши билади. Бизнинг ҳужумдаги кўрсаткичларимиз эса аслида, бироз алдамчи бўлиши мумкинлигига икки сабаб бор.

Биринчидан, xG таҳлиллари ҳар қанча объектив ва аниқдек туюлса-да, бу тизим эътиборга олиши қийин бўлган муҳим жиҳат бор – ўйин сценарийси. Яъни, «гол коэффициентлари»ни йиғишда таблодаги ҳисоб ҳам муҳим роль ўйнайди. Бир жамоа узоқ вақт ҳисобда орқада борса, тинимсиз ҳужум қилиши ва кўпроқ xG йиғиши мумкин. Бошқаси эса, ўз вақтида керакли ҳисобни қилиб олади ва олдинга ташланмай, минимал режимда ўйинни давом эттиради. Умумий жадвалда эса, биринчи жамоа кучлироқ, ҳужумкорроқ кўринаверади.

Масалан, ҳозир АПЛда xG яратиш бўйича «Манчестер Сити» яққол етакчи, «Ливерпуль»дан анча олдинга ўтиб кетган, бу ҳатто Гвардиолани ҳам ишонтириб, «аслида биз «Ливерпуль» даражасидан узоқда эмасмиз» дейишга мажбур қиляпти.

Лекин аслида, «Манчестер Сити» жуда кўп ўйинларда ҳисобда орқада борди, кўп ўйинларни керакли ҳисобда якунламади. Натижада манчестерликларда доим ўйинда бўлиш, хавфли вазият яратиш эҳтиёжи бўлди. «Ливерпуль» эса, аксинча, уч очкога эга бўлиш учун кўп ҳужумларга эҳтиёж ҳам сезмади. Бошқача сценарийда бошланган ўйинларда етарлича вазиятлар ярата олди ҳам.

Ўзбекистонлик футболчиларнинг  кўрсаткичлари ҳақида кетганда эса, бироз тескари. Ўйин сценарийси муҳим, аммо тескари томондан. Яъни, Ўзбекистон U23 кўпроқ ҳисобда олдинда борганида, ҳеч қандай босим йўқлигида очиляпти, тезкор қарши ҳужумлар қилиб, хавфли вазиятлар яратяпти. Аксинча, қониқарсиз ҳисоб бўлиб, гол зарур бўлган пайтларда эса, вазият яратишда муаммоларга дуч келганда, чиройли ўйин, ҳужумкорликдан асар ҳам қолмаяпти. Агар буни бир характер ёки муаммо сифатида олсак, ҳимоячи кучли жамоаларга қарши бизнинг ҳужумкорлигимиз у қадар яхши қурол эмас.

Иккинчидан, бу хулоса ҳам юқоридаги мулоҳазаларни асослайди. Биз 7,8 баллдан 3 баллни БААга қарши ўйинда қўлга киритдик. Гуруҳ босқичидан сўнг, 4,8 xG’га эга эдик. Бу ҳам аслида у қадар ёмон кўрсаткич бўлмаса-да, биз 3 марта пенальти тепганимизни ҳам унутмаслигимиз керак. Яъни пенальтиларни қўшмаса, уч ўйинда 2,55 xG йиққанмиз, холос. Бир ўйинда ўртача 0,85 xG - голга тортадиган вазиятлар коэффициенти.

Яъни, биз аслида қачон ва қандай ўзгарганимиз ёки турнирнинг энг ҳужумкор жамоаси эканимиз иллюзия бўлиши ҳам мумкин. Чунки яратилган вазиятлар, бу кўрсаткичлар асосан, тўлиқ сочилиб кетган ва умуман тартибсиз, интизомсиз ҳаракат қилган БААга қарши ўйинда йиғилди.

Ростанам терма жамоамиз ижобий томонга ўзгара бошлаганини эса, бугун аниқлаб оламиз. Қанийди...

Қаҳрамон Асланов

Мавзуга оид